Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизими

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Жамоатчиликнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги фаол иштироки давлат органлари фаолиятини янада демократик асосларда ташкил этиш имконини беради. Айниқса, давлат органларининг энг муҳим фаолият йўналишларидан бири – норма ижодкорлиги жараёнида жамоатчиликнинг тўғридан тўғри иштирокини таъминлаш фуқароларнинг ўз манфаатларига дахлдор масалаларни ҳуқуқий тартибга солишда ҳам бевосита иштирок этишлари мумкинлигини англатади.

Шу сабабли, мамлакатимизда норма ижодкорлиги жараёнида жамоатчиликнинг фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг лойиҳаси икки маротаба – 1991 ва 1992 йилларда умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. Ушбу муҳокамалар давомида кенг жамоатчилик томонидан кўплаб таклифлар келиб тушди, уларнинг айримлари қабул қилинди. 2000 йилда “Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонунда фуқаролар ихтиёрийлик, тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик, очиқлик, эркин фикр билдириш ҳуқуқи принциплари асосида қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этишлари мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Қонун ҳужжатларини қабул қилиш жараёнида жамоатчилик иштирокини таъминлашдан кўзланган асосий мақсадлардан бири уларнинг тартибга солинадиган ижтимоий муносабатларга таъсирини баҳолашдан иборат. Шу сабабли, ўтган асрнинг 80 ва 90-йилларидан бошлаб аксарият ривожланган давлатларда тадбиркорлик фаолияти субъектларига дахлдор бўлган, ишбилармонлик муҳитига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини баҳолаш амалиёти жорий этила бошланди.

Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш турли шаклларда, хусусан, мутахассис олимлар, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда тадбиркорлик фаолияти субъектлари иштирокидаги семинарлар, илмий-амалий конференциялар, ижтимоий сўровлар кўринишида, шунингдек оммавий ахборот воситалари, ахборот технологиялари ва коммуникациялари, хусусан, Интернет тармоғи орқали амалга оширилиши мумкин.

Мазкур йўналишда Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 26 декабрдаги 281-сон “Қонун ҳужжатларини баҳолаш тизимини жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, айрим қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Ушбу чора-тадбирлар ижроси давомида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш бўйича амалий тажриба тўпланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги ПФ–4609-сон “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида 2014 йил 2 декабрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 328-сон қарори мазкур тизимни янги босқичга олиб чиқди.

Ушбу қарорга асосан, 2015 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсир этадиган ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тегишли лойиҳа ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқувчилар – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида муҳокама қилиш ва тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш учун жойлаштирилиши, муҳокама иштирокчилари томонидан берилган таклифлар тегишли лойиҳа ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқувчилар — давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кўриб чиқилиши шартлиги белгиланди.

Ушбу қарор билан тасдиқланган Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, муаммони, уни тартибга солишнинг мақсади ва мавжуд ечимини таҳлил қилиш орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишда вужудга келиши мумкин бўлган (вужудга келган) ижобий ва салбий оқибатларни, ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган ёки жорий этишга шароит яратадиган қоидаларни ҳамда тадбиркорлик субъектларида асоссиз харажатлар пайдо бўлишига олиб келувчи қоидаларни аниқлаш ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолашнинг мақсадлари ҳисобланади.

Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолиятига таъсири баҳоланиши лозим бўлган ҳужжатлар доирасини белгилашда турли давлатларда турлича ёндашув мавжуд. Масалан, АҚШда “иқтисодий аҳамият касб этадиган” лойиҳаларнинг таъсири баҳоланади. Ушбу тоифага йиллик харажати 100 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган, муайян тармоқ ёки ҳудуд бўйича иқтисодий харажатларни сезиларли даражада ошишига сабаб бўладиган, шунингдек рақобат, бандлик, инвестициялар, ишлаб чиқариш ва инновация фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳужжатлар киритилади.

Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятига таъсири баҳоланиши лозим бўлган ҳужжатлар тоифаси юқорида кўрсатилган Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган. Унга кўра, тадбиркорлик субъектларига янги чекловлар ва янги турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари, лицензиялар жорий қилиш ёки мавжуд чеклов, рухсат бериш тартиб-таомиллари ва лицензияланадиган фаолият турларини тадбиркорлик субъектларининг янада кенгроқ доирасига татбиқ қилишни, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни ёки лицензияларни олиш учун қўшимча талаблар ва шартларни жорий этишни, тадбиркорлик субъектлари томонидан анча харажатлар қилишга олиб келиши мумкин бўлган талаблар (шартлар)ни жорий этишни, тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан талабларни оширишни, тегишли соҳадаги тадбиркорлик субъектларининг 30 ва ундан ортиқ фоизининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига таъсир кўрсатишни, тадбиркорлик субъектларининг белгиланган ҳуқуқларини қисқартириш (камайтириш) ёки қўшимча мажбуриятлар жорий қилишни, тадбиркорлик субъектлари учун янги турдаги жавобгарлик чораларини жорий қилишни ҳамда тадбиркорлик субъектларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар ва бошқа турдаги имтиёз, кафолат ва преференцияларни белгилашни, шунингдек тадбиркорлик субъектларига янги ҳуқуқлар беришни назарда тутувчи ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари муҳокама қилиниши ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсири баҳоланиши керак.

Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни муҳокама қилиш учун ишлаб чиқувчи Ягона порталда муҳокама ўтказиш ҳақидаги хабарни, жадвални, таъсири баҳоланаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни, шунингдек муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштиради. Муҳокама қилинаётган ҳужжат бўйича таклифлар муҳокама иштирокчилари томонидан сўровномаларни тўлдириш йўли билан ёки ўзларининг асослантирилган таклифларини ихтиёрий шаклда билдириш орқали юборилади. Бунда муҳокама предметига оид бўлмаган, асослантирилмаган ва аниқ ифодаланмаган, шунингдек хабарномада кўрсатилган муддатдан сўнг тақдим қилинган таклифлар ишлаб чиқувчилар томонидан кўриб чиқилмайди.

Шу билан бирга, муҳокама қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар бўйича кўрстаилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, ўтказилган муҳокама ва унинг натижалари мажбурий тарзда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига тушунтириш хатида (идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, маҳаллий давлат органлари қарорлари тайёрланганда – юридик хизмат маълумотномасида) акс эттирилиши белгиланди. Бундан ташқари, ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўйича ўтказилган муҳокама материаллари, шу жумладан улар бўйича келиб тушган таклифлар, муҳокама тугаганидан сўнг 3 йил мобайнида Ягона порталда сақланиши ва чекланмаган доирада танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.

Ҳозирги вақтда Интерактив давлат хизматлари ягона порталида бир қанча қонун ҳужжатлари муҳокама учун эълон қилинган. Улар бўйича муҳокамада иштирок этувчилар сони ҳам тобора ошиб бормоқда. Шу билан бирга, муҳокамалар жараёнида билдирилаётган таклифлар салмоғи ушбу механизининг ўз вақтида жорий этилганлиги ҳамда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантиришда самарали восита сифатида хизмат қилади.

Элдор Ҳамроев, Адлия вазирлиги Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси етакчи маслаҳатчиси 


Рўйҳатга қайтиш