Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорлик давлатнинг - ишончли ҳимоясида

Мамлакатимиз мустақилликка эришиши биланоқ, бозор иқтисодиётининг асосий негизларидан бўлган хусусий мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш, унинг дахлсизлиги ва ишончли ҳуқуқий ҳимоясини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган миллий қонунчилик базаси яратилди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, мазкур соҳани тартибга солишда, ривожлантиришда ва албатта мулкдорлар ва тадбиркорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишига, мулкдорлар синфининг шаклланишига, хусусий мулк ҳимояси ва дахлсизлиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини юритишга ҳуқуқий кафолатлар мустаҳкамланмоқда.

Ушбу ишларнинг узвий давоми сифатида, 2015 йил 15 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Мазкур Фармон билан тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитни яхшилашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Ушбу фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, 2015 йил 20 августда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгартик тўғрисидаги, Хўжалик-процессуал, Фуқаролик, Солиқ, Меҳнат кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Жиноят кодексининг 180-моддаси (сохта банкротлик) ва 181-моддасида (банкротликни яшириш) назарда тутилган жиноятлар учун агарда жиноят содир этган шахс етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги, 184-моддасида (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) назарда тутилган жиноят учун биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органининг қарорини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиниши, 188-моддаси янги таҳрирда “Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти” деб номланиши, яъни тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан жуда кўп миқдордаги назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда амалга ошириш учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи нормалар киритилди.

Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларининг маъмурий ва жиноий жавобгарликларини назарда тутувчи, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарликларни назарда тутувчи тегишинча янги боблар киритилди. Мазкур бобларда хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш, тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш, лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш, хўжалик юритувчи субъектларга ва бошқа ташкилотларга пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф равишда талаб қилиб олиш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун тегишли жавобгарликлар белгиланди.

Мазкур Қонун билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалардан кўзланган мақсад, энг аввало:

биринчидан, демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш соҳасида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастуридан ва мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, жиноий жазо тизимини янада такомиллаштириш ва либераллаштириш;

иккинчидан, бугунги замон талабларидан келиб чиқиб, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини, жумладан шахсни жамиятдан ажратиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тизимини янада либераллаштириш чораларини кўриш;

учинчидан, тадбиркорлик субъектларига берилган иқтисодий имтиёзлар ва преференцияларнинг сўзсиз амалга оширилишини, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашда маъмурий-ҳуқуқий, жиноий-ҳуқуқий, суд-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш;

тўртинчидан, кўрилаётган чоралар ҳамда қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлигига қарамасдан тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлар фаолиятини касддан текшириш, фаолиятини ёки банкдаги ҳисоб рақамлари буйича операцияларни тўхтатиш, ноқонуний карорлар чиқариш йўли билан ҳомийликка жалб қилиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқини бузувчи қарор ёки қонунчиликда назарда тутилмаган мажбуриятларни юкловчи норматив актларни қабул қилиш ҳолатлари ҳамон учраб турганлиги.

Юқоридаги Фармон ва унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган Қонун яна бир бор хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлатнинг кучли ҳимояси остида эканлигидан далолат беради.

Э.Сайфуллаев, Адлия вазирлиги ходими


Рўйҳатга қайтиш