Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Тадбиркор – элга мададкор

Мамлакатимизда эркин бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш изчил амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда бозор муносабатлари босқичма-босқич жорий этилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, айниқса, унинг мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, бунда авваламбор ҳар бир шахсда мулкка нисбатан эгалик қилиш, ўз мулкий ҳуқуқларини амалга оширишдан манфатдор бўлиш ҳиссини шакллантириш, тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳимоясини таъминлаш мақсадида бозор иқтисодиётининг ҳуқуқий асослари, унинг қонунчилик базасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўтган йиллар давомида ана шу мақсадларни амалга ошириш юзасидан бир қатор қонунлар янада такомиллаштирилди. Жумладан, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари янги таҳрирда қабул қилинди.

Олиб борилган ислоҳотлар ўз самарасини бериб, ўтган давр мобайнида халқ хаёти сифати, мамалакатимиз қиёфаси қандай ўзгариб бораётгани, қандай ютуқ ва натижаларга эришганимиз барчага аён.

Хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётимизда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан чет эл капитали иштирокидаги улушни изчил ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2015 йил 15 май куни “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармоннинг аҳамиятли томони шундаки, унда бир томондан тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасига ошириш кўзда тутилган бўлса, иккинчи томондан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган.

Унда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ва тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган бошқа ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузганлик, тадбиркорлик фаолияти субъектидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилганлик, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини ва (ёки) банк ҳисобварақ операцияларини ноқонуний тўхтатганлик, хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобрақамларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисида маълумотларни асоссиз талаб қилганлик, хўжалик юритувчи субъектларни пул маблағларини ажратиш билан боғлиқ ҳайрия ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этганлик, рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун алоҳида маъмурий жарималарни назарда тутувчи маъмурий жавобгарликни ошириш назарда тутилиб, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа давлат органларининг тадбиркорлик фаолияти эркинлигини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни кўп маротаба бузган мансабдор шахсларига нисбатан эса жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилиши кўзда тутилди.

Шунингдек, 2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга фаолиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибда иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилиши албатта тадбиркорни руҳлантиради.

Якка тадбиркорлар томонидан касб-ҳунар коллежи битирувчилари ишга ёлланган ҳолатда эса улар коллежни битиргандан бошлаб 12 ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этилиши зарур имтиёзлардан ҳисобланади.

Булардан ташқари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни янада тартибга солишга ҳам алоҳида ўрин берилган.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорликка оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини қатъий таъминлаш мамлакатимизда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириб, тадбиркорлик субъектларининг сони ошишига, янги иш ўринлари яратилишига ва ҳаётимизнинг янада обод ва фаровон бўлишига хизмат қилади.

Б.Мўминов, Шофиркон туман 2-сон ДНИ нотариуси  


Рўйҳатга қайтиш