Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари қонун ҳимоясида

Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг дастлабки босқичида тадбиркорликни ривожлантириш, ушбу соҳа вакилларига ҳар томонлама кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу йўналишдаги ислоҳотлар иқтисодий ўзгаришларнинг энг муҳим бўғини этиб белгиланди.

Ушбу мақсадни кўзлаб қабул қилинган қонун ҳужжатлари мамлакатимизда тадбиркорликка қулай шарт-шароит яратиш, янги ҳуқуқий муносабатларни жорий этиш, рақобат ва бозор муносабатларини ривожлантириш имконини яратди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи сифатида кафолатланди.

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан тадбиркорлик субъектлари олдидаги ҳар қандай бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти асоссиз чекланишига йўл қўймасликка оид қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва уларнинг амалдаги ижроси муҳим ўринга эгадир.

Амалдаги қонун ҳужжатлари асосида бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик субьектларини рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартиби жорий этилди, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини фақат солиқ идоралари текшириши мумкинлиги ва тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай санкциялар фақат суд қарорига биноан қўлланилиши белгиланди, шунингдек ҳисобот тақдим этишнинг барча шакллари ва турлари, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашув ва текширишлар сони кескин қисқартирилди.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан 2011 йил “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилинганлиги ҳамда Президентимизнинг 2010 йил 12 ноябрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” мавзусидаги маърузасида белгилаб берилган йўналишлар – шубҳасиз юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга кўтарди, десак муболаға бўлмайди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ижтимоий ҳаётимизда бозор талабларига мос келадиган янги хўжалик тизимлари шаклланди, хусусий сектор кенг ривожланди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони алоҳида аҳамият касб этди.

Фармон асосида ишлаб чиқилган ва жорий йилнинг 20 августида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 10 та кодексига ва 33 та бошқа қонунларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 391-сон Қонуни ҳамда 2015 йил 28 сентябрда “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2412-сон қарорларининг қабул қилинганлиги бугун Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганлигидан далолат бериб, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди.

Булар ўз навбатида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва унинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш борасида барча давлат идоралари қатори адлия органларига ҳам катта вазифалар юклайди.

Бухоро шаҳар 6-сон давлат нотариал идораси томонидан 2016 йилнинг ўтган уч ойи давомида 10 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил қилиниб, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларга асосий эътибор қаратилди.

Шунингдек, ДНИ томонидан бошқа идоралар билан ҳамкорликда жойларда ўтказилаётган ҳуқуқий тарғибот ҳамда тадбиркорлар учун ҳар ҳафтанинг жума кунлари ташкил этилган “Очиқ эшиклар кунлари” тадбирларида тадбиркорлик фаолияти учун яратилган кенг имтиёз ва шарт-шароитларни тушунтириш билан бир қаторда тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам беришга, уларнинг кундалик фаолиятида юзага келаётган муаммоларини ҳал этишга ҳамда уларни мавжуд қонун ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш юзасидан билдирган таклифларини умумлаштирган ҳолда тегишли идораларга тақдим этиб боришга асосий эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, бу йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаган ҳолда амалда тўлиқ ижросини ташкил этиш – нафақат бунинг учун масъул бўлган давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг, қолаверса, ҳар биримизнинг устувор вазифамиз эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.

А.БаракаевБухоро шаҳар 7-сон ДНИ нотариуси 


Рўйҳатга қайтиш