Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширишларнинг қонунийлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чоралар

Республикамиз мустақиллиги халқимизга собиқ иттифоқ даврида қонун билан таъқиб остига олинган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш имкониятини берди. Ўтган 25 йил давомида республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Биринчи навбатда фуқароларимизнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш эркинлигини кафолатловчи зарур ҳуқуқий база яратилди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси эса бу йўналишда асосий ҳуқуқий пойдевор вазифасини бажармоқда. Бош қомусимизнинг 53-моддасида  давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият,тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлашихусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги қатъий равишда белгилаб қўйилди. Ушбу конституциявий нормани амалда тўлиқ тадбиқ этиш мақсадида “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” ги,  “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда соҳани тартибга солувчи бир қатор бошқа қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Сир эмас, мустақилликнинг дастлабки йилларида тадбиркорлар ўз фаолиятини бошлаши ва юритишида муайян қийинчиликларга дуч келишди. Чунки, собиқ тузумнинг бюрократия, коррупция каби иллатлари ҳали айрим мансабдор шахсларни тарк этмаган эди. Айниқса, баъзи назорат қилувчи органлар томонидан текшириш ниқоби остида тадбиркорлар фаолиятига турли кўринишда ноқонуний аралашувлар тез-тез учраб турарди.

Мана шундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида юртбошимизнинг ташаббуслари билан республикамизда 1996 йилда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ташкил этилди ва  тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширишларнинг барчасини ушбу Кенгаш билан келишилган ҳолда ўтказилиши бўйича янги тартиб жорий этилди. Ўтган даврда бу тизим ўз самарасини бериб, назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувларини олдини олишга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, республикамизда текширишлар билан боғлиқ муносабатлар МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлиб қонун даражасида тартибга солинди. “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни 1998 йилда қабул қилинган бўлса, бу соҳани тартибга солувчи Қонун Россияда 2008 йилда, Қозоғистонда 2011 йилда, Украина ва Молдовада эса 2012 йилда қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сонли “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширишлар тизими янада такомиллаштирилди.  Жумладан, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилиши белгиланди. Илгари бу даврийлик фақатгина молия хўжалик фаолияти билан боғлиқ режали текширишлар учун жорий этилган бўлиб, бошқа режали текширишлар эса қоида тариқасида бир йилда бир марта ўтказилиши ҳам мумкин эди. Шунингдек,  Фармонда молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати  10 календарь кунидан ошмаслиги,  тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги режали текширувдан кейинги даврни қамраб олиши,  қўзғатилган жиноят иши доирасида тайинланган текширишлар адвокатлар иштирокида ўтказилиши назарда тутилди.

Шу билан бирга, қонун ҳужжатларига асосан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишда мораторий қўлланилмоқда. Натижада фақатгина 2016 йилнинг ўзида текшириш режасига15 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари киритилмади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ адлия органлари назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятида текширишлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни амалга ошириб келмоқда.

Хусусан, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув, ноқонуний текширишлар ўтказилишини олдини олишда “Текширишларни рўйхатга олиш китоби” муҳим аҳамият касб этишини инобатга олиб, ҳозирги кунда 350 мингга яқин тадбиркорлар ушбу китоб билан таъминланди. 2015 йилда адлия органлари томонидан 19 мингдан ортиқ, 2016 йилнинг 1-чорагида эса 3 мингга яқин тадбиркорларнинг бундай китоблари мониторинг қилинди. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 280 та тақдимнома, 603 та кўрсатма ва огоҳномалар киритилди.

Бугунги кунда тадбиркорлар фаолиятида ўтказилаётган ҳар бир текширишни назорат қилиб бориш ва улар фаолиятида ўтказилаётган ноқонуний текширишларни тезкорлик билан аниқлаб, бартараф этиш мақсадида мазкур китоб янада такомиллаштирилди. Текширишларни рўйхатга олиш китобининг онлайн-электрон тизими жорий этилди.

Эндиликда, назорат органларининг вакиллари агар тадбиркорлик субъектида техник имконият, яъни интернет тармоғи ва электрон рақамли имзо мавжуд бўлганда текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклини тўлдириш шартлиги белгиланди.

Назорат қилувчи орган ходими текширишларни рўйхатга олиш китобига электрон тартибда ёзувни қайд этган заҳотиёқ бу Адлия вазирлигидаги кузатув марказида кўринади. Мазкур тизим тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувни ва текширишларни ўтказиш тартибини бузиш ҳолатларини тезкорлик билан аниқлаш имкониятини бермоқда.

Бугунги кунга қадар назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилган 300 дан ортиқ текширишлар электрон тарзда қайд этилган бўлиб, уларнинг барчаси устидан зарур назорат олиб борилди. Ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида асоссиз равишда ушбу китобни тўлдирмаслик ҳолатлари аниқланиб, тегишли органларга 64 та огоҳнома, 95 та тақдимнома киритилди ва ҳуқуқбузарларга нисбатан расмийлаштирилган 37 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги материаллар судларга юборилди.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган тадбирлар натижасида 2016 йилнинг 1-чораги давомида аниқланган ноқонуний текширишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 бараваригача камайди.

Бу тадбирларнинг барчаси келгусида тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлаш, улар олдидаги турли тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга ҳамда пировардида республика иқтисодиётини мустаҳкамлашга ва халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Актам Муҳаммадиев,  Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари 



Рўйҳатга қайтиш