Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Тадбиркор – иқтисодиёт таянчи, у қонун ҳимоясида

Тадбиркор мамлакатимизда қабул қилинган қатор қонунлар ва қонунчилик ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат органлари ва маъмурий тузилмаларнинг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувини бартараф этиш учун қатъий тартиб ўрнатиш ва ана шу идораларнинг раҳбарлари ва мансабдор шахсларининг жавобгарлигини ошириш бўйича катта аҳамиятга эга бўлди.

Давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили жорий этилди.

Тадбиркорлик субъектларини ташкил қилишни соддалаштириш ва уларнинг фаолият юритишини енгиллаштириш билан боғлиқ 40 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, янги тартиб бўйича, агар шахс солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бош тортиш билан боғлиқ жиноятни биринчи марта содир этган бўлса ва ҳуқуқбузарлик аниқланганидан 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қопласа, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди ва у жавобгарликка тортилмайди.

Хусусий мулкдорлар ва тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолияти кафолатларини кучайтириш масаласини ҳал этишда суд органлари ролини оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Судлар тегишли даъво аризаси кўриб чиқилаётган пайтда тадбиркорлик субъекти назорат органининг қароридан норози бўлса, унинг ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга бўлди.

Агар тадбиркорлик субъекти солиқ ва божхона қонунчилигини бузган бўлса, унинг мулки фақат суд қарорига биноан мусодара қилиниши мумкинлигини белгилайдиган қонун нормаси жорий этилди, даъво аризасини кўриб чиқиш муддатлари ҳам сезиларли равишда қисқартирилди.

Энди микрофирмалар, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолияти тўрт йилда бир марта, бошқа хўжалик субъект­лари фаолияти эса уч йилда бир марта режали тартибда текширилади ва бундай текширувлар фақат Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши қарорига асосан амалга оширилади.

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили асосида Давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолият бошлади. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиши бўйича мутлақо янги механизм жорий этилди. Унга кўра, ушбу тармоқлар ишини юритадиган ташкилотларнинг ҳудудий корхоналарига техник шартларни олишдан тортиб муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишгача бўлган барча жараёнларни амалга ошириб, уларни тадбиркорларга тайёр ҳолда топшириш ваколатлари берилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида олиб бораётган ишларимиз халқаро иқтисодий ташкилотларнинг рейтингларида ўзининг ижобий ифодасини топмоқда. Ўтган йилнинг октябрь ойида Жаҳон банки “Бизнес юритиш” рейтингини эълон қилди. Ана шу рейтингда Ўзбекистон фақат бир йилнинг ўзида 16 поғонага кўтарилиб, 87-ўринни эгаллади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, “янги бизнесни қўллаб-қувватлаш”, деб аталадиган мезон бўйича мамлакатимиз айни пайтда жаҳонда 42-ўринни, тузилган шартномалар ижросини таъминлаш бўйича 32-ўринни, иқтисодий ночор корхоналарга нисбатан қўлланадиган банкротлик тизимининг самарадорлиги бўйича 75-ўринни эгаллаб турибди. “Кичик бизнес субъектларига кредит бериш”, деб номланадиган кўрсаткич бўйича Ўзбекистон сўнгги уч йилда 154 ўриндан 42 ўринга кўтарилди ва ўтган йилнинг ўзида рейтингини 63 позицияга яхшилади.

Шунингдек, жаҳон банкининг маърузасида Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги 10 та давлат қаторидан жой олгани қайд этилган.

Ана шу йўналишдаги ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулотимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етгани ёки 1,8 баробар ошганини кўришимиз мумкин.

Ҳозирги пайтда ушбу соҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд жами аҳолимизнинг 77 фоиздан ортиғи мазкур тармоқда меҳнат қилаётгани, ўз пешона тери билан нафақат ўз оиласини боқаётгани, балки мамлакатимиз бойлигига бойлик қўшаётгани, аввало, мустақиллик берган имкониятларнинг яққол исботидир.

Шуни алоҳида эътироф этиш зарурки, республикамизда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2000 йилда бошқа хорижий давлатлар амалиётида учрамайдиган тизим жорий этилиб, Адлия вазирлиги таркибида ушбу вазифа билан бевосита шуғулланувчи алоҳида тузилма ташкил этилди.

Ҳозирда Адлия вазирлиги тизимида Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси ҳамда ҳудудларда унинг бўлимлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ўтган давр мобайнида вазирлик томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида, фаолият кўрсатмаётган ва зарар кўриб ишлаётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада 1.228 та тадбиркорлик субъ­ектининг фаолияти тикланиб, 3.128 та янги иш ўрни яратилди.

Адлия органларида ташкил этилган махсус 1-008 рақамли “Ишонч телефони” тадбиркорлик субъектларига ўзларининг бузилган ҳуқуқларини зудлик билан тўғридан-тўғри билдириш учун мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтирди.

Ўтган даврда тадбиркорлик субъектларидан 419 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 321 таси ёки 76,6 фоизи кўриб чиқилиб ҳал этилди.

Жумладан, Фарғона шаҳридаги “Гиппократ Дента” хусусий фирмаси раҳбарининг асоссиз равишда 1222,02 минг сўм маблағ ортиқча ҳисобланиб электр таъминотидан узилганидан норози бўлиб “Ишонч телефони”га қилган мурожаатини ўрганиш натижаси бўйича адлия бошқармаси томонидан 2016 йил 17 майда Фарғона шаҳар электр тармоқлари корхонасига тақдимнома киритилиб, унга асосан, ортиқча ҳисобланган маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилиниб, фирма ҳисобварақасидан чиқарилди ҳамда ходимлар М.Сафаров ва Д.Ибрагимовларга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш юзасидан қабул қилинган қонун ҳужжатлари, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида шаклланган тизим, шунингдек, Давлат дастурида бу соҳа ривожи учун янада кенг йўл очиб беришни назарда тутувчи тадбирларнинг амалга оширилиши, мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожидаги уларнинг улуши янада ошишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

С.Тоғаев, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи 


Рўйҳатга қайтиш