Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Имтиёз ва имкониятлар самараси

Бугунги кунда мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, бу йўлдаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш мақсадида узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат самарасида мазкур соҳа миллий иқтисодиётимизнинг чинакам таянчига айланиб бормоқда.

Хусусий мулкни хуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янада яхшилаш мақсадида 2016 йил 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-4848-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон “кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик"ни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.

Ушбу мақсадларда давлат органларига, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмаларга:

ўз фаолиятида белгиланган талабларнинг ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш, шу муносабат билан ўз вазифаларини ва ваколатларини танқидий қайта кўриб чиқиш;

тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш топширилди.

Ушбу норма давлат органларига айбдор ходимларга нисбатан нафақат интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликнинг энг қатъий чораларини қўллаш мажбуриятини юклабгина қолмасдан, балки тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита ушбу ходимлардан ундирилишини таъминлашни ҳам юклайди.

Кўрсатиб ўтилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ноқонуний текширишларни ташкил этишга ва уларни ўтказишга, айниқса, давлат органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти асоссиз тўхтатилишига ва зарар етказилишига йўл қўймасликка йўналтирилган.

Фармонда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишдан ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга йўналтирилган давлат назоратининг принципиал жиҳатдан янги бир қатор механизмлари белгиланиши назарда тутилди.

Жумладан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши, бундан юридик шахснинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар мустаснолиги белгилаб қўйилди.

Шундай қилиб, назорат қилувчи органлар эндиликда режадан ташқари текширишлар ўтказишни ташкил қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини таъминлаш мақсадида фақат жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида қисқа муддатли текширишлар ўтказишнинг чекланган имконияти сақланиб қолади. Бундай текшириш фақат Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказилиши мумкин ва текшириш муддати бир иш куни билан чекланган.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши белгилаб қўйилди.

Шундай қилиб, муқобил текширишлар, яъни операциялар бирлиги туфайли ўзаро боғлиқ бўлган ва турли хўжалик юритувчи субъектлардаги ёки бир хўжалик юритувчи субъектнинг турли бўлинмаларидаги ҳужжатларни таққослашдан иборат текширувлар бекор қилинди.

Шу билан бирга, Фармон маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштиришни давом эттириб, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларини ҳамда тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошираётган шахсларни, улар томонидан етказилган зарарни қоплаган ва ҳуқуқбузилиши оқибатларини белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод қилиш каби тубдан янги чораларни назарда тутади.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллаш тақиқланди.

Кўрсатиб ўтилган нормалар тадбиркорлик субъектларини икки марта жазолашни истисно этибгина қолмай, балки биринчи марта ҳуқуқбузарликни содир этган ва ўз айбини ювган фуқароларга ўзининг тадбиркорлик фаолиятини салбий оқибатларсиз давом эттириш имконини беради, бу чора уларнинг ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантиришга ҳам йўналтирилган.

Шу муносабат билан Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Солиқ кодексига ва бир қанча бошқа қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилди.

Фармонда белгиланган қоидаларни амалиётга тадбиқ этиш мақсадида бешта соҳа бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастурда тадбирлар номи, амалга ошириш механизми, бажариш муддатлари ва масъул идорлар аниқ белгилаб берилди.

Биргина, тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш соҳасидаКоррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида” ва “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунларни ва бир қатор бошқа қонун ҳужжатларини қабул қилиш назарда тутилмоқда.

Дастурда белгиланган вазифалар доирасида бугунги кунда Адлия вазирлигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи такшил этилиб, давлат идораларининг бу борадаги вазифа ва ваколатларини танқидий таҳлил қилиниб, уларни янада мақбуллаштиришга доир асосланган таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, рухсат берувчи ва лицензиялаш тартиботларидан ўтишда шаффофликни ошириш, уларнинг сони ва кўриб чиқиш муддатларини оптималлаштириш, шу жумладан коррупцион омиллар шаклланиши имконини бартараф этиш ва бюрократия ҳолатларини тугатиш мақсадида, айрим лицензия турларининг амал қилиш муддатлари бўйича талабларни бекор қилиш юзасидан ҳам асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Фармонда белгиланган янги меъёр ва тартиблардан келиб чиқиб, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича лойиҳалар тайёрланмоқда.

Хулоса ўринида ишонч билдириб айтмоқчиманки, қабул қилинган қонунда белгиланган нормаларнинг тўлақанли ишлаши келгусида тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлаш ҳамда улар олдидаги турли тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга хизмат қилади.

С.Тоғаев, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи


Рўйҳатга қайтиш