Маҳаллий давлат ҳокимият органлари норматив-ҳуқуқий қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг аҳамияти

Савол: Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрири эски таҳрирдаги Қонундан ўзаро фарқи ва аҳамияти?

Жавоб: Янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаи Қонуни олдинги таҳрирдаги Қонундан ҳажм жиҳатдан ҳам, мазмун жиҳатдан ҳам анча фарқ қилади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Қонун ўз ичига янги моддаларни олибгина қолмасдан, ҳозирги кун воқеликларини ҳисобга олган ҳолда амалдаги Қонуннинг кўплаб моддалари мазмунига жиддий тузатишлар киритади.

Чунончи, Қонунда унинг асосий вазифалари аниқлаштирилмоқда, бу вазифаларга мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунчалари, турлари, ўзаро муносабатлари белгиланмоқда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш тартибига ва уларнинг мазмунига, шунингдек уларнинг ижросини ташкил этишни таъминлашга қўйиладиган асосий талаблар белгиланган.

Қонунга қўшилган 3-боб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини таёрлашни режалаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашни ташкил этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказишни ва бошқаларни тартибга солади.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 104-моддаси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси ҳамда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколати доирасида қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти юқори турувчи органларининг қарорлари асосида ва уларни ижро этиш учун қабул қилинади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ушбу Қонунга мувофиқ қабул қилинган, умум мажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ёки мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ёки мансабдор шахслар ҳисобланади.

Бундан ташқари, Қонунга қўшилган 5-бобда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш, уларнинг кучга кириши ва амал қилиши тартибга солинган. Бунда эски таҳрирдаги Қонундан фарқли томони норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кучга кириши норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, улар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгиланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тайёрланаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт.

Бу ўз навбатида Қонуннинг 21-моддасида белгиланган.

Ҳуқуқий экспертиза давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги текширилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Савол: Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий қарорлари лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизага тақдим этиш тартиби ва мақсади.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни 21-моддасида  норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–1602-сон қарорига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлигининг 2013 йил 1 февралдаги 29-сонли “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди. Мазкур Буйруқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий қарорлари лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизага тақдим этиш тартибини белгилайди.

 Юқоридагига асосан, юридик хизмати ходими қарор лойиҳаларни адлия бошқармаларига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилишини таъминлайди.

Лойиҳа тайёрланган маълумотнома, лойиҳанинг келишилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар ҳамда ҳоким ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган кузатув хати билан бирга ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун адлия бошқармасига тақдим этилади.

Адлия бошқармалари тақдим этилган лойиҳани 5 иш куни ичида ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси давомида мазкур лойиҳаларнинг уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан ҳам таҳлилини амалга оширади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, вилоят туман (шаҳар) ҳокимликлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг норматив хусусиятга эга бўлган қарор лойиҳаларини ҳуқуқий экапертизадан ўтказишдан мақсад, қарор лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ҳужжатлари, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифалари, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш, амалдаги қонун ҳужжатларида оқ доғларни, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупциянинг келиб чиқишига, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратаётган қоидалар ва нормаларни аниқлаш, шунингдек уларни олдини олишдан иборат.

Саволларга Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Нодиршоҳ Гуламов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш