Шартнома мажбуриятларининг бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги учун жавобгарлик масалалари қандай қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади

И.Хакимов- Бухоро вилояти

Жавоб: Шартнома мажбуриятларининг бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги учун жавобгарлик масалалари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодеклари, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги 383-сонли қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низом ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.


Савол: Неустойка тушунчасига таъриф бериб ўтсангиз?

Б.Азимов- Фарғона вилояти

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 260-моддасига кўра, қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдиpда кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка ҳисобланади. Неустойка тўлаш ҳақидаги талаб бўйича кредитор ўзига етказилган зарарни исботлашга мажбур эмас. Неустойка билан фақат ҳақиқий талаб таъминланади. Агар қарздор мажбурият бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун жавобгар бўлмаса, кредитор неустойка тўлашни талаб қилишга ҳақли эмас.

Неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлади. Қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланади. 

Қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади.

Савол: Контрактация шартномаси мажбуриятларини бажармаган тарафларга қандай жавобгарлик белгиланган?

О.Илёсов- Хоразм вилояти

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 
4 сентябрдаги 383-сонли қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини контрактация шартномасида белгиланган ассортимент ва турларда, муддатларда топширишдан асоссиз бўйин товлаган хўжалик тайёрловчига топширилмаган маҳсулот қийматининг 25 фоизи миқдорида жарима тўлайди. Жарима миқдори ўтган давр (ой, чорак, йил)да маҳсулотнинг шаклланган ўртача нархидан келиб чиқиб, харид нархларига белгиланган устамалар тўлашни ҳисобга олмасдан ҳисоблаб чиқилади. Бундан ташқари, зарарнинг маҳсулот етказиб берилмаганлиги туфайли юзага келган, жарима билан қопланмаган қисми ҳам тўланади.

Ўз навбатида, контрактация шартномасига мувофиқ топширилган (юклаб жўнатилган) қишлоқ хўжалиги маҳсулоти учун ҳақ тўлашдан асоссиз бош тортилганда (хўжаликка тегишли суммаларни, белгиланган устамаларни ҳам қўшиб, ўз вақтида ҳисоблаб ўтказмаганлик, ҳисоб-китобларнинг акцепт шаклида эса тўлов топшириғи акцептини асоссиз тўлиқ ёки қисман рад этганда) тайёрлов ташкилоти хўжаликка тўланмаган суммани, ўзи тўлашдан бош тортган сумманинг 15 фоизи миқдоридаги жаримани тўлайди. Тайёрлов ташкилоти жаримадан ташқари хўжаликка муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун белгиланган муддатда тўланмаган сумманинг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ муддати ўтказиб юборилган суммаларнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган пеня тўлайди.

Савол: Хўжалик шартномалари бўйича келиб чиқадиган низолар қандай ҳал этилади?

О.Боборажабов- Сурхондарё вилояти

Жавоб: “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 
36-моддасига асосан хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш вақтида тарафлар ўртасида келиб чиқадиган низолар, шунингдек етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги низолар қонун ҳужжатлари белгиланган тартибда хўжалик суди томонидан, шартномада назарда тутилган ҳолларда ёки тарафларнинг келишувига биноан — ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилади.

Саволларга Адлия вазирлиги Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бошқармаси

катта маслаҳатчи И.Абдусатторов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш