Адвокатура соҳаси бўйича

Ким адвокат бўлиши мумкин?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига мувофиқ  олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси адвокат бўлиши мумкин.

 Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ким томонидан берилади?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига мувофиқ, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан тегишли малака комиссияларининг қарорлари асосида берилади.

Адвокатлар палатаси нима ва у қандай принцип асосида фаолият юритади?

Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган нотижорат ташкилотидир.

Адвокатлар палатаси ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда адвокатуранинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.

Адвокатлар палатаси адвокатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида фаолият кўрсатади.

Қандай адвокатлик тузилмалари давлат рўйхатидан ўтказилади?

Адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатлари давлат рўйхатидан ўтказилади.

Рўйхатдан ўтказиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Адвокатлик бюроси нима?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддасига мувофиқ, адвокатлик фаолиятини якка тартибда амалга ошириш учун адвокат томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмаси.

Адвокатлик сири нима?

Адвокатлик сири жумласига ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) адвокатдан ёрдам сўраб мурожаат этганлигининг ўзи, ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ёрдам сўраб мурожаат этган масалалар, адвокатдан ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) олган маслаҳатлар, насиҳатлар ва тушунтиришларнинг моҳияти, адвокатнинг ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан ўтказган суҳбатида тўхтаб ўтилган барча масалалар киради.

Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари қандай мақсадда ташкил этилади?

Зарур билимлар ва касбий малакаларга эга бўлган шахсларга лицензиялар бериш тўғрисидаги масалани ҳал этиш, адвокат қасамёдини қабул қилиш мақсадида, шунингдек адвокатларга нисбатан интизомий иш юритишни олиб бориш учун Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида малака комиссиялари тузилади.

Қандай ҳолатларда адвокат мақоми тўхтатиб турилиши мумкин?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 131-моддасига мувофиқ қуйидаги ҳолларда адвокат мақомини тўхтатиб туриш мумкин:

адвокат адвокатлик фаолияти билан бирга олиб бориб бўлмайдиган доимий лавозимга сайланганда ёки тайинланганда – иш даврига;

адвокат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилганда – бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилингунига қадар бўлган даврга;

адвокат ҳарбий хизматга чақирилганда – ҳарбий хизматни ўташ даврига;

суд томонидан адвокатга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинганда, агар суднинг мазкур қарори ушбу Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлмаса, – тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари суд томонидан бекор қилингунига қадар ёки ўзгартирилгунига қадар бўлган даврга;

ушбу Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда – лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган даврга;

адвокатлик тузилмаси тугатилганда ёки адвокат ундан чиққанида – адвокат томонидан уч ойдан ошмайдиган муддатда амалга ошириладиган бошқа адвокатлик тузилмаси ташкил этилгунига қадар ёхуд мавжуд адвокатлик тузилмаларидан бирига киргунига қадар бўлган даврга.

Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш қандай амалга оширилади?

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

адвокат жиноий жавобгарликка тортилганда, у айбланувчи тариқасида жалб этилган пайтдан бошлаб ва суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар ёхуд реабилитация қилувчи асосларга биноан уни жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар;

адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди бузилганлиги аниқланганда (малака комиссиясининг қарорига асосан);

адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармасининг ёки адлия органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган, шу жумладан адвокатнинг зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юклайдиган қарорлари адвокат томонидан бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда (малака комиссиясининг қарорига асосан).

Адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда унга нисбатан қандай чора кўрилади?

Бундай ҳолда унинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиясининг амал қилиш муддати адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан тугатилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги адвокатура соҳасида қандай ваколатларга эга?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

адвокатлик тузилмалари ва Адвокатлар палатасининг фаолиятига кўмаклашади;

адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни ўрганади;

адвокатларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

адвокатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек адвокатлик тузилмалари томонидан таъсис ҳужжатларига, уставда белгиланган фаолиятига, қайта рўйхатдан ўтиш ва тугатиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

адвокатлик гувоҳномасининг шаклини ва уни бериш тартибини тасдиқлайди;

ордер шаклини тасдиқлайди.


Рўйҳатга қайтиш