Нотариат соҳаси бўйича

Ким нотариус бўла олади?

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига асосан, йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йил муддатли иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида икки йил муддатли стажировкани ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин.

Кимлар нотариус бўла олмайди?

Қуйидагилар нотариус бўла олмайди:

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати белгиланган тартибда тугатилган шахс.

Нотариус стажёрини ишга қабул қилишда қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Стажёрни ишга қабул қилишда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

ариза;

белгиланган шаклда тўлдирилган шахсий варақа;

паспорт нусхаси;

таржимаи ҳол;

олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхаси;

меҳнат дафтарчаси, (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно);

ўқиш (аввалги иш) жойидан тавсифнома.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари қандай мақсадда ташкил этилади ва уларнинг таркибига қўйилган талаблар?

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари стажировкадан ўтган шахслардан малака имтиҳонларини қабул қилиш мақсадида ташкил этилади.

Малака комиссиялари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларининг қарорлари билан нотариуслар ҳамда адлия органларининг бошқа ходимлари орасидан тенг миқдорда тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Олий малака комиссияси нима учун тузилади?

Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш, нотариус қасамёдини қабул қилиш, малака комиссияларининг қарорлари устидан берилган апелляцияларни кўриб чиқиш, шунингдек малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун ўн бир кишидан иборат таркибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Олий малака комиссияси тузилади.

Қайси ҳолатларда нотариал ҳаракатлар ҳақида маълумотлар берилиши мумкин?

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан нотариуснинг, нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахсларнинг, шунингдек амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлардан хизмат вазифасини бажариш муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғи билан амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина берилиши мумкин.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) суд, прокуратура, тергов органларининг талабига биноан улар юритаётган ишлар муносабати билан берилади. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади. Кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат солиқ хизмати органига тақдим этилади. Васиятнома тўғрисидаги маълумотномалар васият қилувчининг вафотидан кейингина берилади. Битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) кредит бюросига унинг сўровига кўра тақдим этилади.

Нотариус, нотариус ёрдамчиси ва стажёри фаолиятида қандай чекловлар мавжуд?

Нотариус, нотариус ёрдамчиси ва стажёри:

илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари, тадбиркорлик ва бошқа фаолият билан шуғулланишга;

шартномалар тузишда воситачилик хизмати кўрсатишга ҳақли эмас.

Нотариус лавозимини таъсис этиш ва тугатиш тартиби?

Нотариус лавозими Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан таъсис этилади ва тугатилади.

Муайян ҳудуддаги (нотариал округдаги) нотариуслар лавозимларининг сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатиладиган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

Нотариал округдаги нотариус лавозимига тайинлаш Олий малака комиссияси малака имтиҳонини топширган шахслар орасида ўтказадиган танлов асосида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Нотариус билан меҳнат шартномасини бекор қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Нотариуслар амалга оширадиган нотариал ҳаракатлар?

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23 -моддасига асосан,нотариуслар қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

1) битимларни тасдиқлайди;

2) васиятномаларни тасдиқлайди;

3) эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар беради;

4) мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишни тақиқлаб қўяди ва тақиқни бекор қилади;

5) меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради;

6) мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради;

7) ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди;

8) ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди;

9) ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;

10) кўчмас мулк очиқ савдода сотиб олинганлиги ҳақида гувоҳнома беради;

11) фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;

12) фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;

13) фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;

14) ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

15) жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади;

16) пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади;

17) ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олади;

18) пул тўлаш учун чекларни тақдим этади ва чеклар бўйича пул тўланмаганлигини тасдиқлайди;

19) ижро хатларини ёзади;

20) векселларнинг протестларини амалга оширади;

21) денгиз протестларини амалга оширади;

22) нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларини ҳамда реестрлардан кўчирмаларни беради.

Нотариуслар қонунларда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жойи?

Нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларида амалга оширилади.

Фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра нотариал идорага бора олмайдиган айрим ҳолларда нотариал ҳаракатлар мазкур фуқаро турган жойда амалга оширилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларидан ташқарида амалга ошириладиган бошқа ҳоллар ҳам назарда тутилиши мумкин.


Рўйҳатга қайтиш