Алимент ундириш қай тартибда амалга оширилади

— Турмуш ўртоғим билан бирга яшамайман. Икки нафар вояга етмаган фарзандимиз бор, никоҳни бекор қилмасдан туриб алимент ундирмоқчиман. У алимент тўлашга рози, аммо ишлаб турган корхона алимент тўлашни рад қиляпти. Шундай вазиятда нотариал идораси алимент тўлаш тўғрисидаги эримнинг аризасини тасдиқлаб берадими ва ушбу ариза алимент ундириш учун асос бўладими?

Гулнора АМОНОВА,

Ғиждувон шаҳри

— Ўзбекистон Республикаси “Оила” кодексининг 96-моддасида ота-оналар вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун алимент тўлаши лозимлиги белгиланган.

Алимент вояга етмаган болаларнинг ота-оналари никоҳда туриши ёки никоҳда турмаслигидан қатъи назар, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун уларнинг ота ёки онасидан ундирилади.

Агар алимент тўловчи шахс уни ўз ихтиёри асосида тўлашга рози бўлса, унинг алимент тўлаш тўғрисидаги мажбурияти тарафларнинг ўзаро келишуви асосида расмийлаштирилади. Бунда алимент тўловчи билан алимент ундириб олувчи шахс нотариал идорасига келиб ўзларининг хоҳиш-истакларини тушунтириб, ўзаро келишув шартномасини тузишлари лозим.

Оила кодексининг 131-моддасига кўра, ушбу келишув ёзма шаклда тузилиб нотариал тартибда тасдиқланади. Нотариал тасдиқланган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ижро варақаси кучига эга бўлади ва алимент тўловчи ишлаб турган жойдаги корхона ушбу келишув шартномасига кўра алимент тўловчидан шартномада кўрсатилган шартлар ва муддатларда алимент тўловини алимент олувчига ойма-ой ундириб бериши шарт.

Саволга Ғиждувон тумани 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси Нодира АБДУЛЛАЕВА жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш