Ҳадя этиш шартномаларини тасдиқлаш тартиби ҳақида тушунтириб берсангиз

Жавоб: Ҳадя шартномасига мувофиқ ҳадя қилувчи тараф ҳадя олувчига ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади, унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқини беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд мулкий мажбуриятдан озод қилади ёки озод қилиш мажбуриятини зиммасига олади.

Бирон-бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон-бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда этиш). Агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.

Ҳадя шартномасида ҳадя нарсаси аниқ кўрсатиб қўйилган бўлиши керак. Ашё мулк ҳуқуқи ёки мулкий мажбуриятдан озод қилиш шаклида ҳадя нарсасини аниқ кўрсатмасдан ўзининг мол-мулкини ёки мол-мулкининг бир қисмини ҳадя этишни ваъда қилиш ўз-ўзидан ҳақиқий ҳисобланмайди.

Ҳадя олувчи ўзига ҳадя топширилгунга қадар истаган вақтда уни рад этишга ҳақли. Бундай ҳолда ҳадя шартномаси бекор қилинган ҳисобланади. Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда, ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

Ҳадя шартномасининг предмети кўчмас мулк бўлганида, кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлаш қоидалари қўлланилади, шартнома предмети автомототранспорт воситалари бўлса, автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тақсимлаш қоидалари қўлланилади.

Умумфойдали мақсадларда қилинган ҳадя хайр-эҳсон ҳисобланади. Умумфойдали мақсад хайр-эҳсоннинг фарқли белгиларидан ҳисобланади ҳамда хайр-эҳсонни қабул қилишга бирор кимсанинг рухсати ёки розилиги талаб қилинмайди.


Рўйҳатга қайтиш