Хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ташкил этиш ва тугатиш

Тошкент шаҳрида хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ташкил этганимга бир йил бўлди. Аммо, ҳозирги кунга қадар корхона устав фондини тўлиқ шакллантиришга имкон бўлмади. Менга уни шакллантириш учун қўшимча муддат керак. Бундай вазиятда мен кимга мурожаат қилишим керак?

Х.Дониёров, Навоий шаҳри

Сиз бундай ҳолларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссияга мурожаат қилишингиз лозим. Махсус комиссия томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги 327-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.7-бандига кўрақонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналар бўйича — устав жамғармасини шакллантириш учун қўшимча муддат берилади ва назорат қилиб борилади.

Биз корхонамизни ихтиёрий тугатмоқчимиз. Тугатиш жараёнида корхонани қайта тиклашимиз мумкинми?

Б.Ахмедов, Бухоро вилояти

Албатта тиклашингиз мумкин, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини фаолиятини тўхтатиш ва ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–630-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 7-бандига кўра, корхона муассислари (қатнашчилари), тадбиркорлик субъекти — жисмоний шахс тугатишнинг исталган босқичида фаолиятини тиклаш ва тугатиш жараёнини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Биз янги корхона ташкил этдик. Аммо, айрим сабабларга кўра фаолиятимизни йўлга қўя олмадик. Шу сабабли, корхонани тугатишга қарор қилдик. Корхонани қандай тугатишимиз мумкин?

И.Турсунов, Тошкент шаҳри

Корхоналарни ихтиёрий тугатиш тартиби қонунчилик билан тартибга солинган, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини фаолиятини тўхтатиш ва ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–630-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-бандига кўра, корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари) томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. Қарорда қуйидагилар кўрсатилади, яъни тугатувчи — тугатиш комиссияси (унинг аъзолари таркиби) ёки жисмоний шахс (паспорти маълумотлари) ҳамда мўлжалланаётган тугатиш муддати кўрсатилиши лозим. Мазкур қарор қабул қилингандан сўнг Сиз рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилишингиз лозим бўлади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими М.Дарбишев жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш