Тадбиркор бўлмоқчиман

Бунинг учун..."

— Мен 5 000 000 сўм устав фонди билан Тошкент шаҳрида корхона ташкил қилмоқчиман. Бунинг учун қаерга учрашим ва қандай ҳужжатлар тақдим қилишим керак бўлади?

А.РАСУЛОВ, Тошкент шаҳри

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сонли қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан Сиз корхонангиз жойлашган туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига мурожаат қилиб, қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилишингиз лозим.

- ариза;

- давлат тилидаги таъсис ҳужжатларининг икки асл нусхаси;

- давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати;

- корхона номини марказлаштирилган маълумотлар базасида қулай фирма номи захирага олинганлигини тасдиқлайдиган ягона логин ва пароль;

- икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари.

— Тадбиркорлик субъектларининг почта манзили ўзгарган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказиладими ва давлат божи тўланадими?

С. АЛИМАРДОНОВ, Наманган вилояти

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сонли қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан тадбиркорлик субъектининг почта манзили ўзгарган тақдирда бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи орган ёзма равишда хабардор қилинади ва бунда давлат божи ундирилмайди.

— Тадбиркорлик субъектини ихтиёрий тугатиш қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан амалга оширилади?

П. САТТОРОВ, Тахиатош шаҳри

— Тадбиркорлик субъектини ихтиёрий тугатиш Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ-630-сонли Қарори билан тасдиқланган "Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида"ги Низом билан тартибга солинади.

Саволларга Адлия вазирлиги

масъул ходими Миродил МАҲМУДОВ

жавоб берди. 


Фаолиятим давомида кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлари билан ишлашга тўғри келади. Шу ўринда қонун ҳужжатлари ўзи нима, у қандай қабул қилинади деган саволлар туғилиши табиий. Шулар ҳақда бироз маълумот берсангиз.

Қ.Алламуродов, фермер.

— Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатларидир ва улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади, Конституция ва қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари қонунлар деб аталса, Президент фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқ ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонун ости ҳужжатлари ҳисобланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари деганда эса Конституциямиз, қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президент фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқ ва қарорлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари тушунилади.

Қайд этилган норматив ҳуқуқий ҳужжатларни ваколат доирасидан келиб чиқиб ва ҳужжатнинг турига қараб Олий Мажлис палаталари, Президент, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки мансабдор шахсларига қабул қилиш ҳуқуқи берилган.

Умуман олганда, қонун ҳужжатлари “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Хабарингиз бор, ўтган давр мобайнида қонун ижодкорлиги жараёни кенгайиб, мураккаблашди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатига нисбатан талаблар сезиларли даражада ошди. Шу маънода 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган парламент палаталарининг қўшма мажлисида Президентимиз томонидан эълон қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепсиясида ушбу қонуннинг янги таҳриририни қабул қилиш лозимлиги алоҳида қайд этилган эди. Концепцияда билдирилган таклифлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

—Янги таҳрирдаги“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг аввалгисидан қандай асосий фарқлари мавжуд?

Л.Хўжаев, талаба

— Ушбу қонунда нормалар аниқ ва батафсил ёритилган ҳамда кенгроқ қамраб олингани билан аҳамиятга молик. Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро нисбатини аниқлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш тартиби ҳамда уларнинг мазмунига қўйиладиган асосий талабларни белгилаш, шунингдек, уларнинг ижроси ташкил этилишини таъминлаш кабилар ушбу қонуннинг асосий вазифаларига киритилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон адлия вазири ҳар йили Олий Мажлис Сенатига давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот бериши, шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаб қўйилди.

Шунингдек, мазкур қонун юқоридагиларга ўхшаган, бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда қатор янги моддалар билан ҳам тўлдирилди.

— Қонун ҳужжатлари қабул қилингунга қадар текшириладими, бу жараён кимлар томонидан ва қандай амалга оширилади?

С.Саломов, тадбиркор

— Албатта, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади. Яъни, ҳуқуқий экспертиза давомида ҳужжат лойиҳасининг нафақат Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига, балки қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги ҳам текширилади.

Ҳуқуқий экспертиза ҳужжат ишлаб чиқувчининг ёки қабул қилувчи органнинг юридик хизмати, шунингдек, Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин. Адлия вазирлиги ҳуқуқий экспертизани бошқа турдаги экспертизалар ўтказилганидан кейин амалга оширади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига юклатилган.

— Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатилиб турилиши ёки тугатилиши мумкинми? Бу қандай ҳолатларда амалга оширилиши мумкин.

Ф.Имомов, банк ходими

— Мазкур саволга жавоб қонуннинг 35-моддасида аниқ ва лўнда кўрсатиб ўтилган. Ушбу моддага кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисмининг амал қилиши уни қабул қилган орган ёхуд унинг юқори турувчи органи томонидан муайян муддатга ёки муайян ҳодиса юз бергунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги низомнинг 18- ва 20-бандлариҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 14 февралда 1905-сон билан рўйхатга олинган “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари”нинг 94-бандига мувофиқ Ўзбекистон Адлия вазирлиги низоли масалалар келиб чиққанда, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қўллаш билан боғлиқ бўлган янги ҳолатлар аниқланганда, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни барча манфаатдор шахслар эътиборига етказилиши тўғрисидаги талаблар бажарилмаган тақдирда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туришга ҳақли.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими Б.Худойқулов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш