Далолатнома ёзувларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисида

Савол: ФҲДЁ органларида далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш қандай ҳолларда амалга оширилади:

Жавоб: Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

- “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддаси асосида тарихий ва миллий анъаналарга риоя қилиш мақсадида фамилияси, исми, отасининг исмини ёздириш истаги бўлганда,

- оталик белгиланганда,

- фарзандликка олинганда,

- ота-онанинг ўзаро келишувига кўра (шунингдек ота-она никоҳдан ажратилганда) ёки ҳоким қарорига кўра вояга етмаган боланинг фамилияси ўзгартирилганда,

- миллати ўзгартирилганда,

- никоҳда турмаган она томонидан боланинг отаси ҳақидаги маълумотларни ўзгартириш ҳақида ариза берилганда (бола 16 ёшга етгунига қадар),

- оталик белгилаш ёки фарзандликка олиш суд қарори билан ҳақиқий эмас деб топилганда,

- ота-онасининг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгартирилиши муносабати билан вояга етмаган боланинг фамилияси ва ота исми ўзгартирилганда,

- имло хато ва ноаниқликлар бўлганда, шунингдек туғилган вақти, жойи ва отасининг исми ёзилмай қолганда,

- 16 ёшга тўлмаган боланинг исми ва фамилияси ўзгартирилганда, агар исми ва фамилияси ота-онасининг хоҳиши ҳисобга олинмаган ҳолда берилган бўлса,

- агар далолатнома ёзувида исми қисқартириб ёки эркалатиш шаклида ёзилган бўлса, шунингдек бошқа зарур ҳолларда.

Савол: 10 яшар ўғлимнинг фамилиясини ўзгартирмоқчиман, мен қаерга, қандай тартибда мурожаат қилишим керак, тушунтириш берсангиз.

16 ёшга тўлмаган боланинг фамилияси, исми ва ота исми ФҲДЁ бўлимига ота-онанинг биргаликда берган аризасига асосан, 16 ёшга тўлган боланинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига ўзгартириш, қўшимча ва тузатиш киритиш эса боланинг ўзининг аризасига асосан амалга оширилади.

Сиз турмуш ўртоғингиз билан биргаликда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларингиз билан ФҲДЁ бўлимига тегишли тартибда ариза(38-илова) тақдим қиласизлар, аризага боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси асл нусхаси илова қилинади.

10 ёшдан ошган боланинг фамилияси, исми ва ота исми ўзгартирилганида албатта боланинг ёзма розилиги олинади ва бу розилик ФҲДЁ бўлими мудирининг имзоси ва бўлимнинг гербли муҳри билан тасдиқланади. Шунинг учун аризани ўғлингиз иштирокида тақдим қилишингиз лозим.

Ариза қаноатлантирилгач, болага янги туғилганлик ҳақида гувоҳнома ёзиб берилади ва тегишли тартибда давлат божи, ҳамда герб йиғими тўловлари ундирилади.

Савол: Далолатнома ёзувига ўзгартириш, қўшимча ва тузатиш киритиш ҳақидаги ариза қанча муддатда кўриб чиқилади:

Агар битта далолатнома ёзувига ўзгартириш, қўшимча ва тузатиш киритиш талаб қилинадиган бўлса, ариза берилган вақтдаёқ ижро қилинади. Агар бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ далолатнома ёзувига ўзгартириш, қўшимча ва тузатиш киритиш талаб қилинадиган бўлса, у ҳолда ФҲДЁ органи мудири бу ҳақда асослантирилган хулоса тузади. Хулосага кўра далолатнома ёзувига ўзгартиришлар киритилиши зарур бўлган ҳолларда, ариза унга илова қилинган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 15 кун ичида кўриб чиқилиши керак.

Савол: Қизим 17 ёшда, туғилганлик ҳақида гувоҳномаси ва шахсини тасдиқловчи ҳужжати ўртасида (фамилияда) тафовут борлиги унга муаммо бўлмоқда. Ўзи хорижда ўқиётганлиги сабабли, мен ушбу тафовутни бартараф қила оламанми?

Юқорида айтилганидек, 16 ёшга тўлган боланинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига ўзгартириш, қўшимча ва тузатиш киритиш боланинг ўзининг аризасига асосан амалга оширилади. Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритишга ишончнома билан йўл қўйилмаслигини инобатга олган ҳолда албатта қизингизнинг ўзи ўзига тегишли ҳужжатлари (паспорти, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси) билан ФҲДЁ органига шахсан мурожаат қилиши керак бўлади ва қизингиз вояга етмаганлиги сабабли ота-онанинг иштироки ҳам шарт ҳисобланади.

Саволларга Пешку туман ФҲДЁ бўлими мудираси Д.Зиядуллаева жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш