Мерос транмиссияси нима

Савол:

Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик нима?

М.Камолова, Бухоро шаҳар

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1140-моддасига мувофиқ, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади, бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.

Бола, невара, чевара, эвара меросхўрлигида тақдим қилиш ҳуқуқи қариндошлик даражаси чекланмаган ҳолда амал қилади, ён қариндошлик бўйича меросхўрликда тақдим қилиш ҳуқуқига мерос қолдирувчининг туғишган ака-укалари (опа-сингиллари) номидан унинг жиянлари ёхуд мерос қолдирувчининг туғишган амакиси (тоғаси) ёки аммаси (холаси) номидан унинг амакиваччалари (тоғаваччалари) ва аммаваччалари (холаваччалари) эга бўладилар.

Савол:

Мерос трансмиссияси (Меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқининг ўтиши) қандай маънони англатади?

С. Ражабов,Вобкент туман

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11401-моддасига кўра, агар васиятнома ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтиши - мерос трансмиссияси дейилади. Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди.

Вафот этган меросхўрга тегишли меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрлари томонидан умумий асосларда амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек ушбу моддада, меросхўрнинг ушбу Кодекснинг 
1142-моддасида назарда тутилган, яъни мулкидан олинадиган мажбурий (мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар) мероснинг бир қисмини мажбурий улуш сифатида қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрларига ўтмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Саволларга Бухоро вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи А.Аминов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш