Чет элга фарзандларим билан бирга кетаётганлигим сабабли менга турмуш ўртоғим номидан бирор бир ҳаракат амалга оширишим учун қандай ишончнома берилади

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 90-моддасига асосан нотариус томонидан тасдиқланган чет элда амал қилишга мўлжалланган ишончномалар чет элда амал қилишга мўлжалланган ишончномалар ҳисобланиб, ушбу ишончнома орқали чет элда бирор бир ҳаракат қилиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик қодексининг 134-моддасида мувофиқ, бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.

Ишончнома оддий ёзма шаклда ёки нотариал шаклда расмийлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1182-моддасига мувофиқ чет элда амал қилишга мўлжалланган ишончноманинг шакли ва амал қилиш муддати ишончнома берилган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича белгиланади. Агар ишончнома Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқи талабларига риоя этиб тузилган бўлса, ишончнома шаклига риоя этилмаган деган важ билан ишончномани ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас.

Савол: Ишончнома қанча муддатда берилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик қодексининг 139-моддасига асосан ишончнома кўпи билан уч йил муддатда берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди. Берилган кун кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас деб хисобланади.

Нотариус томонидан тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳаракатларни амалга оширишга мўлжалланган, амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончнома уни берган шахс томонидан бекор қилингунича ўз кучини сақлайди.

Савол: Ишончнома қайси пайтда бекор қилинади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик қодексининг 141-моддасига асосан ишончноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

- ишончномада белгиланган муддат тугаганда;

- ишончнома берган шахс томонидан бекор қилинганда;

- ишончнома берилган шахс бош тортганда;

- номидан ишончнома берилган юридик шахс фаолияти тўхтатилганда ёки тугаганда;

- ишончнома берган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши;

- ишончнома олган фуқаронинг муомилага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши.

Ишончнома берган шахс истаган вақтида ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса – ундан воз кечиши мумкин. Бу ҳуқуқдан воз кечиши ҳақидаги битим ҳақиқий эмас.

Ишончноманинг амал қилиши бекор бўлиши билан уни бошқа шахсга ўтказиш ҳам ўз кучини йўқотади.

Саволларга Бухоро шаҳар 2-сон давлат нотариал идорасининг катта нотариуси З.Розиева жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш