Ўзбекистон Республикасида оилавий тадбиркорлик фаолиятини кафолотловчи қандай ҳуқуқий асослари мавжуд

Жавоб: Оилавий тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида бир қонча қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Жумладан, 
2012 йил 26 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 июлдаги “Юридик шахс ташкил этмасдан оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунда тадбиркорликни ривожлантиришда қуйидаги имтиёзлар берилган:

- Оилавий корхона тадбиркорлик субъекти сифатида юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳамда кичик тадбиркорлик субъекти сифатида белгиланди;

- Оилавий корхона иштирокчилари оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланган бир пайтда қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимларни ёллашни амалга ошириши мумкин;

- Оилавий корхона бошлиғи ўзгарган, иштирокчи оилавий корхона таркибига ихтиёрий равишда кирган (ундан чиқиб кетган), эр ва хотин ўртасидаги никоҳ бекор қилинган ёки оилавий корхона иштирокчиси вафот этган ва бу ҳоллар оилавий корхона балансига берилган оилавий корхона иштирокчиларининг мол-мулки рўйхатида ўзгаришларга сабаб бўлган тақдирда, таъсис шартномасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Бунда оилавий корхонани қайта давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди;

- Оилавий корхона қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ягона солиқ тўловини тўловчилиги ва Оилавий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин унинг иштирокчилари тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди;

- Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди, бундан фаолиятнинг айрим турлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

- Оилавий корхона ўзи ишлаб чиқарган халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини реализация қилишдан олинган тушум бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади (Бизга маълум ушбу имтиёз фақат якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган ҳамда “Ҳунарманд” уюшмасига аъзолик бадалини тўлаб аъзо бўлган халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини ишлаб чиқариб реализация қиливчиларга тадбиқ этилар эди).

Савол: Оилавий корхона ва раҳбарларининг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор?

Жавоб: Ҳар қандай тадбиркорлик субъекти каби оилавий корхона ва бошлиғида ҳам маълум бир ҳуқуқ ва мажбуриятлар мавжуд.

Жумладан Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ оилавий корхона қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) мустақил равишда товарлар ишлаб чиқаришга (ишлар бажаришга, хизматлар кўрсатишга) доир фаолиятни ташкил этиш, ишлаб чиқарилган товарларни (ишларни, хизматларни) тасарруф этиш ва уларга нарх белгилаш;

2) мустақил равишда ўз молиявий маблағларини шакллантириш ва қарз маблағларини жалб этиш, шу жумладан дастлабки (бошланғич) капитални шакллантириш учун кредитлар олиш;

3) лизинг ва суғурта хизматларидан фойдаланиш;

4) шартномалар тузиш, шу жумладан товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилиш ва реализация қилиш учун шартномалар тузиш;

5) тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олиш;

6) ўз фирма номи ёзилган муҳрлардан, бланкалардан ва штамплардан фойдаланиш ҳамда товар белгисига (хизмат кўрсатиш белгисига) эга бўлиш;

7) ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш.

Оилавий корхона бошлиғининг ҳуқуқлари эса ушбу қонуннинг 13-моддаси кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра оилавий корхона бошлиғи оилавий корхона номидан ишончномасиз иш кўриши, юридик ва жисмоний шахслар билан оилавий корхона фаолиятига боғлиқ бўлган шартномалар тузиши, меҳнат шартномалари (контрактлар) тузиши ва штатларни тасдиқлаши, ишончномалар бериш каби ҳуқуқлари мустаҳкамланган.

Саволларга Бухоро вилоят адлия бошқармаси Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими катта маслаҳатчиси Фаррух Жумаев жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш