2012 йил 2 май куни Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуннинг эски таҳрирдаги Қонундан фарқли жиҳатлари нимада

Т.Нарзуллаев, Талаба

Жавоб:

Биринчидан, мазкур қонунда Тадбиркорлик фаолияти субъектиҳуқуқларининг устуворлиги деб номланган янги норма (11-модда) киритилди. Унга асосан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилиши белгиланди.

Иккинчидан, кичик бизнес соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини турли хил инсофсиз рақобатдан ҳимоя қилиш мақсадида Инсофсиз рақобатга йўл қўйилмаслиги (12-модда) деб номланган янги норма киритилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда афзалликлар олишга қаратилган, қонун ҳужжатларига, иш муомаласи одатларига зид бўлган ва бошқа тадбиркорлик субъектлари бўлган рақобатчиларга зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатларига йўл қўйилмайди.

Учинчидан, янги таҳрирдаги Қонунда тадбиркорларга енгилликлар яратиш ва уларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олиш мақсадида ҳисоботларнинг электрон шаклда тайёрланиши ва топширилиши бўйича янги норма киритилди.

Тўртинчидан, ушбу қонун талабларига кўра тадбиркорлик субъекти белгиланган тартибда тақдим этган молия ва солиқ ҳисоботини, шунингдек тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида ўтказиладиган камерал назорат натижалари бўйича қоидабузарликлар аниқланган ҳоллардагина давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкинлиги белгиланди.

Бешинчидан,ушбу қонун асосида тадбиркорлик субъектларига бир қатор ҳуқуқлар берилганлиги билан бир қаторда, уларнинг масъулияти ҳам оширилди. Хусусан, Қонуннинг 9-моддасида тадбиркорлик субъектларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш, рақобат тўғрисидаги ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш каби мажбуриятлар юклатилди.

Олтинчидан,шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу Қонун асосида тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш кафолатлари белгиланди. Хусусан, Қонуннинг 31-моддасида тадбиркорлик субъектлари томонидан мурожаат қилиш, давлат органлари ва хўжалик бошқарувчи органлари томонидан ушбу мурожаатларни кўриб чиқишнинг ҳуқуқий механизми ишлаб чиқилди. Бу эса ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқларини эркин амалга ошириш ҳамда бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолотлайди.

Еттинчидан, мазкур қонун асосида тадбиркорлик субъектларининг пул маблағларини тасарруф этиш кафолатлари яна мустаҳкамланди.

Савол:

Мен хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ташкил этмоқчиман дастлабки фаолият учун қандай кафолат ва имтиёзлар мавжуд?

С.Махмудов, Тадбиркор

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун кенг кўламдаги кафолатлар, имтиёзлар ва афзалликлар тизими яратилди.

Жумладан, ушбу фармонга мувофиқ:

- хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек бир қанча солиқ ва мажбурий ажратмалар тўлашда мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўллашга ҳақлидирлар;

- қиймати 50 миллион АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида, ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш бюджет маблағлари ҳамда бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши кўрсатилган.

Саволларга Бухоро вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи А.Баротов жавоб берди.

Рўйҳатга қайтиш