Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш

Савол: Мен чет эл фуқароси бўлган болани фарзандликка олмоқчиман. Бу қандай тартибда амалга оширилади?

О.Маҳмудов, Қоракўл тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасиҳудудида чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан болани фарзандликка олиш Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 151-167-моддаларининг талабларига асосан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқароси бўлган болани фарзандликка олишда боланинг қонуний вакили ва бола фуқароликка эга бўлган давлат ваколатли органининг розилиги, шунингдек, агар ўша давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ талаб қилинса, фарзандликка олиш ҳақида боланинг ҳам розилиги олиниши лозим.

Агар фарзандликка олиш натижасида фарзандликка олинган боланинг Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномалар билан белгиланган ҳуқуқлари бузилган бўлса, фарзандликка олувчининг мансублигидан қатъий назар, фарзандликка олиш мумкин эмас. Агар шундай ҳолат юзага келса, фарзадликка олиш суд тартибида бекор қилинади.

Савол: Менболани фарзандликка олишим учун қайси идорага мурожаат қилишим мумкин ва қандай тартибда?

М.Асророва, Вобкент тумани

Жавоб: Ушбу ҳаракат Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 2852-моддасига асосан амалга оширилиб, фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзадликка олинаётган боланинг яшаш (турар) жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига тақдим этилади.

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза фарзандликка олувчилар (олувчи) томонидан имзоланиб, унда қуйидагилар қайд этилиш лозим:

* фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг (унинг) яшаш жойи;

* фарзандликка олинаётган боланинг фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган санаси, унинг яшаш жойи, фарзандликка олинаётган боланинг ота-онаси тўғрисидаги, ака-ука ва опа-сингиллари бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотлар;

* фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) фарзандликка олиш ҳақидаги илтимосини асословчи ҳолатлар ва мазкур ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;

* фарзандликка олувчилар (олувчи) боланинг туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувига тегишли ўзгартиришлар киритишни истаган тақдирда-фарзандликка олинаётган боланинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган санасини (кўпи билан бир йилга), фарзадликка олинаётган боланинг туғилган жойини (агар бола кўпи билан 15 ёш бўлса) ўзгартириш ҳақида, боланинг туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувига фарзандликка олувчиларни (олувчини) ота-она (ота ёки она) сифатида қайд этиш ҳақидаги илтимиос ҳам тақдим этилади.

Савол: Мен чет эл фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш учун ёзган аризамни қандай ҳужжатлар билан бирга тақдим этишим лозим?

Н.Хидирова, Бухоро шаҳар

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 2853-моддасига асосан сиз томонингиздан бошқа давлат фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш тўғрисидаги аризангизда қуйидаги ҳужжатларни илова қилишингиз керак бўлади:

* никоҳа турган шахслар (шахс) томонидан фарзандликка олинганда фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

* эр-хотиндан бири томонидан фарзандликка олинганда –бошқасининг розилиги. Агар эр-хотин оилавий муносабатларни тугатган, бир йилдан ортиқ бирга яшамаётган бўлса, шунингдек, бу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, фарзандликка олишда унинг розилиги талаб қилинмайди;

* никоҳда турмаган шахс томонидан фарзандикка олинганда-фарзандликка олувчи паспортининг кўчирма нусхаси ва никоҳда турмаслиги ҳақидаги маълумотнома;

* фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) соғлиги ҳолати ҳақидаги тиббий хулоса (психиатрия, сил касаллигига қарши кураш ва наркология муассасалари, шунингдек, ОИТСга қарши кураш марказларининг маълумотномалари);

* фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) иш жойидан эгаллаб турган лавозими ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома;

* турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;

* фуқарони фарзкдликка олишда номзод сифатида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги ҳужжат.

Бундан ташқари бола қонуний вакилининг розилиги ва бола қайси давлат фуқароси бўлса, ўша давлат ваколатли органининг розилиги ҳам илова қилинади.

Саволларга Вобкент туман ФҲДЁ бўлими мудири Р.Шодиев жавоб берди 


Рўйҳатга қайтиш