Озодликдан маҳрум этиш жойларидаги шахслар билан никоҳга кириш

САВОЛ: Қизимни танишимнинг ўғлига фотиҳалаб қўйган эдик. Аммо, бола безориларга қўшилиб, жиноят содир этган ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилиши мумкин. Энди тўйни 5 йилга чўзмасдан болаларни никоҳдан ўтказмоқчимиз. Жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаётган шахс билан никоҳ тузиш мумкинми?

К.Азимова, Когон шаҳар

ЖАВОБ: Ҳа, мумкин. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 217-моддаси никоҳ тузилганлигини қайд этишнинг алоҳида ҳоллари кўрсатиб ўтилган. Унга кўра тергов ҳибсхоналарида, озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони ижро этувчи муассасаларда сақланаётган шахслар билан тузиладиган никоҳни қайд этиш ушбу муассаса жойлашган ердаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қонун ҳужжатларида белгаланган тартибда амалга оширилади.

Маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс яъни қизингиз, ўзи доимий яшаётган ёки жазони ижро этиш муассасаси жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органига мурожаат қилиб, никоҳга кириш ҳақидаги махсус шаклдаги аризанинг ўзига тааллуқли қисмини тўлдириб топширади. ФҲДЁ органи аризада келтирилган маълумотларни ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан солиштиради, аризада қайд этилган маълумотларнинг тўғрилигини ва аризачининг имзосини тасдиқлайди ва унга аризани қайтаради. Шундан сўнг маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс яъни қизингиз бу аризани маҳкумга бериши учун жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятига топширади.

Маҳкум билан никоҳга кириш ҳақидаги аризани олгандан сўнг, жазони ижро этиш муассаса маъмурияти уни тегишли жойини тўлдириш учун маҳкумга тақдим этади. Жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти тўлдирилган аризадаги маълумотларни маҳкумнинг шахсий йиғмажилдидаги маълумотлар билан солиштиради, уларнинг ҳақиқийлигини ва имзосини тасдиқлайди ва аризани жазони ижро этиш муассасаси жойлашган мазкур ҳудуддаги ФҲДЁ органига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Қарорига мувофиқ жазони ўташ муассасалари маъмурияти судланганларни никоҳдан олдин тиббий кўрикдан белгиланган тартибда ўтказади.

САВОЛ: Маҳкум билан никоҳ қандай тартибда қайд этилади? ФҲДЁ органи биносидами ёки алоҳида жойда?

ЖАВОБ: Маҳкум билан никоҳни қайд этиш ФҲДЁ органи билан келишилган ҳолда жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан белгиланган бинода никоҳга кирувчилар (келин ва куёв)нинг иштирокида амалга оширилади.

Маҳкум билан никоҳга кирувчи шахс яъни қизингизга ФҲДЁ органи томонидан никоҳ қайд этилганлиги ҳақида гувоҳнома берилади.

Маҳкумнинг шахсий йиғмажилдидаги анкетасига ФҲДЁ органи томонидан штамп босилади, эр ёки хотиннинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, ФҲДЁ органининг номи ва никоҳ тузилган сана ва далолатнома ёзуви рақами ёзиб қўйилади. Худди шундай маълумотлар эр-хотинларнинг паспортларига ҳам киритилади.

Агарда шахс судгача эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ушлаб турилган бўлса, никоҳни қайд этиш тергов ишини олиб бораётган мансабдор шахс ёки орган рухсати билан шу ҳудуддаги ФҲДЁ органи томонидан тергов изолятори (қамоқхона)да амалга оширилади.

Юқорида кўрсатилган ҳолатда никоҳга кириш ҳақидаги аризага ва никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувига қайд этишга рухсат берган мансабдор шахснинг имзоси қўйилади.

Саволларга Жондор туман ФҲДЁ бўлими мудири А.Баҳромов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш