Уй-жой ижараси шартномасини расмийлаштириш

САВОЛ: Мен узоқ туманда яшайман. Олий ўқув юртига ўқишга кирганлигим сабабли, шаҳарда оилам билан бирга яшаш учун олийгоҳга яқин атрофда квартира ижарага олмоқчиман. Уй-жой ижара шартномаси ҳамда уни тузиш тартиби ҳақида тушунча берсангиз.

Ф.Жўраев, Олот туман.

ЖАВОБ: Уй-жойни ижарага бериш шартномаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 603-моддасига мувофиқ ёзма шаклда тузилади. Фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак. Ижарага берувчи сиз (ижарага олувчи)га доимий яшаш учун яроқли бўш уй-жойни бериши лозим. Ижрага берувчи ижарага берилган турар жой жойлашган уйдан тегишли даражада фойдаланишни амалга ошириши, сиз (ижарага олувчи)га ҳақ эвазига зарур коммунал хизмат кўрсатиши ёки хизмат кўрсатилишини таъминлаши, кўп квартирали уйнинг умумий фойдаланиладиган мол-мулкни ва турар жой биносида таъмирланишини таъминлаши керак. Шунинг баробарида сиз (ижарага олувчи)нинг ҳам мажбуриятларингиз мавжуд. Жумладан, уй-жойдан фақат унинг вазифаси бўйича фойдаланиши, уй-жойнинг сақланишини таъминлаш ва уни яхши ҳолда тутиши, ижара берувчининг розилигисиз уй-жойни қайта қуриши ва тузилишини ўзгартиришга ҳақли эмаслиги, уй-жой ҳақини ўз вақтида тўлаб туриши, агар шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи коммунал хизматлар ҳақини мустақил тўлаши Ўзбекистон Республикаси Фуқарлик кодексининг 607-моддасида белгилаб қўйилган.

САВОЛ: Уй-жой ижараси шартномасининг муддати ва ижара учун ҳақ тўлаш тартиби қайдай амалга оширилади?

Ғ.Маҳмудов, Бухоро шаҳар.

ЖАВОБ: Уй-жойни ижарага бериш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилиб, агар шартномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у беш йилга тузилган ҳисобланади. Сиз (ижарага олувчи) янги муддатга шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуқга эга бўласиз.

Агар ижарага берувчи уй-жойни бир йилдан кам бўлмаган муддатда ижарага бермасликка қарор қилган бўлса, у янги муддатга шартнома тузишни рад қилишга ҳақли.

Шунингдек, уй-жой учун тўланадиган ҳақнинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 611-моддасига мувофиқ тарафларнинг ўзаро келишувига биноан уй-жойни ижарага бериш шартномасида белгилаб қўйилади. Башарти, қонунга мувофиқ уй-жой учун тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдори белгилаб қўйилган бўлса, шартномада белгиланган ҳақ ана шу миқдордан ошиб кетмаслиги керак.

Уй-жой учун ҳақ сиз (ижарага олувчи) томонингиздан уй-жойни ижарага олиш шартномасида назарда тутилган муддатларда тўлаб турилиши, агар шартномада бундай муддатлар назарда тутилмаган бўлса, ҳақ ижрага сиз (ижарага олувчи) томонингиздан ҳар ойда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлаб турилиши шарт.

САВОЛ: Ижара шартномасини бекор қилиш тартиби қандай?

О.Солиҳов, Ғиждувон тумани

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 615-моддасига кўра уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади.

Уй-жойни ижарага олувчи ўзи билан бирга доимий яшайдиган бошқа фуқароларнинг розилиги билан ижарага берувчини уч ой аввал ёзма равишда огоҳлантириб, исталган вақтда ижара шартномасини бекор қилишга ҳақли.

Саволларга Бухоро шаҳар 10-сон давлат нотариал идораси нотариуси Н.Бобоқулов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш