Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тартиби

САВОЛ: Менинг синглим Россия федерациясида доимий яшаб келмоқда. У ўз фамилиясини ўзгартирмоқчи. Бундай ҳолатда у қайси идорага мурожаат қилиши мумкин?

Галина Утаева, Бухоро шаҳар

ЖАВОБ: Сизнинг синглингиз чет элда доимимй яшаб келаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг чет элда яшовчи фуқаролари учун фамилия ўзгартириш тартиби қонун ҳужжатларида белгилаб берилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 
1999 йил 12 апрелдаги 171-сон қарори билан тасдиқланган фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига асосан Ўзбекистон Республикасининг чет элда доимий яшовчи фуқароларининг аризалари консул томонидан кўриб чиқилади. Зарур ҳолларда консул аризачининг илтимоси асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ва ўзгартириш киритилиши лозим бўлган далолатнома ёзувларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали тегишли органлардан талаб қилиб олади.

Йиғилган ҳужжатлар асосида консул Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикасининг ёки ариза берувчи яшаб турган давлатнинг ваколатли органларидан ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исмини ўзгартиришига рухсат берилганлиги ҳақидаги хулосани олиши зарур.

Ушбу хулоса асосида консул фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш ҳақида асосланган хулоса тузади ва уни йиғмажилд билан бирга ўзгартириш киритилиши лозим бўлган далолатнома ёзуви сақланиб турган ФҲДЁ органига юборади.

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги ариза 45 кун мобайнида кўриб чиқилиши керак.

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартирганлик учун белгиланган тартибда давлат божи ундирилади.

САВОЛ: Мен ота исмимни ўзгартирмоқчиман. Аммо ўзгартиришлар киритилиши учун зарур бўлган далолатнома ёзуви йўқолган. Шундай ҳолатда ҳам мен ота исмимни ўзгартиришим мумкинми?

Отабек Раҳимов, Қоровулбозор туман

ЖАВОБ: Ўзгартиришлар киритилиши учун зарур бўлган далолатнома ёзувлари йўқолган тақдирда, фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш улар тикланганидан кейин амалга оширилади.

Қабул қилинган ариза махсус дафтарга киритилади.

ФҲДЁ бўлими мудири тақдим этилган ҳужжатлар асосида, зарур ҳолларда эса бошқа ФҲДЁ органларидан ўзининг талаби бўйича керакли далолатнома ёзувлари нусхаларини олганда йиғилган ҳужжатларни йиғмажилдга тикади ва тегишли текширув ўтказиш учун ички ишлар бўлимига жўнатади.

Ички ишлар бўлими тақдим қилинган ҳужжатларни 30 кун мобайнида ўрганиб чиқади, ариза берувчи яъни сизнинг фамилиянгиз, исмингиз, ота исмингизни ўзгартиришингиз хусусида асосланган хулоса тузади ва ФҲДЁ органига тақдим қилади.

Ички ишлар бўлимининг хулосасини олгандан кейин ФҲДЁ органи тақдим этилган ҳужжатлар асосида сизнинг ота исмингизни ўзгартириш ёки рад қилиш тўғрисида асосланган хулоса тузади.

Ота исми ўзгарганлиги тўғрисида ички ишлар бўлимига 7 кун мобайнида, агарда сиз ҳарбий хизматга мажбур бўлган тақдирингизда, мудофаа ишлари бўлимига хабарнома юборилади.

Саволларга Қоровулбозор туман ФҲДЁ бўлими мудири Лазиз Ботиров жавоб берди


Рўйҳатга қайтиш