Mерос ҳуқуқига оид савол-жавоблар

Савол: Мерос қачон очилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1116-моддасига асосан фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади. Фуқаронинг ўлганлик ҳолати ФҲДЁ бўлимлари томонидан тегишли тартибда бериладиган ўлим гувоҳномаси асосида ёки суднинг қонуний кучга кирган фуқарони вафот этган деб эълон қилинганлиги тўғрисидаги ҳал қилув қарори асосида тасдиқланади.

Савол: Кимлар қонун бўйича биринчи навбатдаги меросхўрлар ҳисобланади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига асосан мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

Қонунчилигимиз ниҳоятда инсонпарвар бўлиб, ҳомила ҳолатида бўлган, бироқ ҳали туғилмаган бола ҳам меросхўр ҳисобланади ва меросни тақсимлаш ушбу меросхўр туғилгандан кейин амалга оширилади.

Савол: Меросдан қачон воз кечиш мумкин, воз кечган шахс кейинчалик уни бекор қилиши мумкинми?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1147-моддасига асосан меросхўр мерос очилган кундан ( яъни фуқаро вафот этгандан ) эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли. Аммо меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.

Айрим ҳолатларда меросхўрлар бошқа бир меросхўр фойдасига мерос мулкидан ўзларига тегишли ҳисса олишдан воз кечадилар, кейинчалик фикрлари ўзгариб, “менинг онамдан ёки отамдан қолган мулкка улушим бор эди, меросдан воз кечиш фикридан қайтдим, менга мерос улушимни расмийлаштириб беринг”- деб нотариусга мурожаат қилишади. Аммо меросдан воз кечган меросхўрга мерос мулкига нисбатан ҳеч қандай мерос гувоҳномаси расмийлаштиришнинг имконияти бўлмайди. Шунинг учун ушбу қарорга келишдан олдин унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида яхшироқ ўйлаб кўриш керак.

Савол: Мерос трансмиссияси нима?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11401-моддасига кўра агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилгандан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтиши мерос трансмиссияси дейилади. Масалан, Д. исмли фуқаронинг ота-онаси ундан илгари вафот этишган, аммо Д. ҳам уни қабул қилишга улгурмасдан вафот этди. Бунда Д.нинг улуши унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар Д. барча мол-мулкни кимнингдир номига васият қилган бўлса, васият бўйича меросхўрларига ўтади.

Саволларга Бухоро шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси Д.Бозорова жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш