Нотариус бўлмоқчиман

Савол: Нотариус бўлмоқчиман. Стажировка муддатини ўтаганман. Нотариус бўлиш учун кимга мурожаат қилишим мумкин?

Г.Аслонова, Бухоро шаҳри.

Жавоб: Нотариус лавозими бўшагандан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бу ҳақда буйруқ чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини хабардор қилади. Тегишли адлия бошқармасининг хабарномаси олинган ёки қўшимча нотариус лавозими таъсис этилган кундан бошлаб етти кун ичида ишчи орган томонидан газеталарда ҳамда адлия бошқармалари орқали марказий газеталарда танлов ўтказиш тўғрисида эълон берилади.

Ушбу танловда йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахссислик бўйича камида уч йил муддатли иш стажига эга бўлган, шу жумладан давлат нотариал идорасида камида икки йил муддатли стажировкани ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси иштирок этиши мумкин.

Савол: Нотариус лавозимига танлов ўтказиш тартиби қандай?

О.Махмудов,Ғиждувон тумани

Жавоб: Танлов комиссияси томонидан талабгорларнинг касбий билимларини аниқлаш мақсадида ёзма-оғзаки равишда ўтказилади.

Танлов брча талабгорлар учун бир йўла бир хонада ўтказилади. Танлов бешта саволдан иборат бўлган билет асосида ўтказилиб, ҳар бир билетнинг орқа томонида комиссия раиси ва масъул котиб томонидан имзолари бўлади.

Танлов билетидаги саволларга ёзма жавоб ёзиш ва улар бўйича оғзаки жавобга тайёрланиш учун икки соат вақт ажратилади.

Танлов билетидаги саволларга жавоб тайёрлаб бўлган талабгор комиссияга жавоб беради. Комиссия аъзолари айрим жавобларни аниқлаштириш мақсадида қўшимча саволлар бериши мумкин. Комиссия аъзолари баҳолаш бюллетенида талабгорнинг саволарга берган жавобини ўн баллик тизимда баҳолайди.

Танлов натижасига кўра энг кўп балл олган талабгор танловда ғолиб деб топилади.

Баллар тенг бўлиб қолганда, танлов ғолиби энг кўп бир хил балл олган талабгорлар орасидан овоз бериш йўли билан аниқланади.

Саволларга Бухоро вилоят  адлия бошқармаси бўлими бшлиғи А.Аминов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш