Адвокат ва фуқаро ўртасида тузиладиган шартнома тўғрисида

Савол: Мен 1978 йилда Бухоро шаҳрида туғилганман. Оилада 5 нафар фарзандмиз. Онам тўсатдан 2011 йилда ва отам 2012 йилда вафот этдилар. Отам номларида квартира бўлиб, бугунги кунда мерос масаласида келиша олмаяпмиз. Мен адвокат хизматидан фойдаланиш мақсадида боргандим адвокат мен билан шартнома тузишини ва кейин хизмат кўрсатишини айтди. Мен адвокат билан тузилиши мумкин бўлган шартнома ҳақида ҳеч нарса билмас эканман. Шунинг учун менга “Адвокат ва фуқаро” ўртасида тузиладиган шартнома тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш берсангиз.

О.Мубинов, Бухоро шаҳри

Жавоб: “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 91-моддасида адвокатлик фаолияти адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузиладиган юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) асосида амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, юқоридаги моддада юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан адвокат ўртасида ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) ўзига ёки у тайинлаган шахсга юридик ёрдам кўрсатиш учун оддий ёзма шаклда тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномадан иборат эканлиги, юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни (шартномани) бекор қилиш масалалари, агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси билан тартибга солиниши, адвокат, унга қайси адлия органи томонидан гувоҳнома берилганлигидан қатъи назар, ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни (шартномани), унинг яшаш жойи ёки жойлашган еридан қатъи назар, тузишга ҳақлилиги кўрсатилган.

Бундан ташқари, адвокатнинг ҳақ олиши ҳамда топшириқни бажариши билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш ҳуқуқи ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) махсус рухсатисиз учинчи шахсларга берилиши мумкин эмаслиги ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) томонидан адвокатга тўланадиган ҳақ ва адвокатнинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимда (шартномада) назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тегишли адвокатлик тузилмасининг кассасига кирим қилиниши ёки адвокатлик тузилмасининг банкдаги ҳисобварағига ўтказилиши шарт эканлиги белгиланганлиги маълум қилинади.

Саволга Бухоро вилоят адлия бошқармаси  етакчи маслаҳатчиси  Б.Мансуров жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш