Tранспорт воситасидан фойдаланиш учун бошқа шахсга илгари берилган ишончномани янги давлат рақам белгиси бўйича қайта расмийлаштириш керакми

Фуқарога тегишли бўлган автотранспорт воситасининг давлат рақам белгиси ўзгартирилганда, ушбу транспорт воситасидан фойдаланиш учун бошқа шахсга илгари берилган ишончномани янги давлат рақам белгиси бўйича қайта расмийлаштириш керакми?

Ж.Қосимов, Олот тумани

Жавоб:

ИИВнинг ДЙҲХХ органлари томонидан транспорт воситасини қайд этиш гувохномасининг “Алоҳида белгилар” бўлимида олдинги давлат рақам белгисининг кўрсатилиши сабабли автотранспорт воситасининг давлат рақам белгисининг ўзгартирилиши ишончноманинг бекор бўлишига олиб келмайди ва у ишончномада кўрсатилган муддат ўтмагунга ёки ишончнома берувчи томонидан ёки бошқа асосларга кўра бекор бўлмагунга қадар амал қилади.

Савол:

Шахс ўзи яшаб турган уй-жойини нотариал идора орқали неварасига ҳадя қилган, аммо кейинги вақтларда неваранинг унга нисбатан муомаласи ўзгариб, ҳурмат қилмай қўйди, ҳадя қилувчи ҳадя шартномасини бекор қилиши мумкинми?

Х.Умарова, Қоракўл тумани

Жавоб:

Ҳадя шартномаси нотариал тасдиқлангандан сўнг бир тарафлама, яъни фақат ҳадя қилувчининг талаби билан бекор қилинмайди, балки ҳар иккала тараф-ҳадя қилувчи ва ҳадя олувчининг розилиги асосида нотариал келишув шартномаси орқали бекор қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 507-моддасига асосан ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда, ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда, ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

Савол:

Квартирасини бошқа бир шахсга васият қилган шахс уни сотишга ҳақлими?

И.Насимов Жондор тумани

Жавоб:

Фуқаролик кодексига асосан васиятнома васият қилувчи вафотидан кейин кучга киради. Демак, васият қилувчи мулкдор ҳаётлик чоғида ўз мулкини бошқа шахсга сотиши, хадя қилиши ёки айирбошлаши мумкин.

Савол:

Фуқаро кексайиб қолганлиги ва ёлғизлиги сабабли ўз квартирасини унинг аҳволидан доим хабар оладиган узоқроқ бир қариндошининг номига ўтказиш учун квартирани ҳадя қилиш масаласи бўйича нотариусга мурожаат қилиши керакми?

Г.Абдусаломова, Роминтан тумани

Жавоб:

Агар фуқаро квартирани ҳадя қилиб, ўзи ҳам шу квартирада яшамоқчи ҳамда унинг аҳволидан хабардор бўлишларини, доимий таъминлашларини хоҳласа, у ҳолда ҳадя шартномаси эмас, балки умрбод таъминлаш шарти билан квартирани топшириши мумкин.

Савол:

Эр-хотин биргаликдаги никоҳи давомида орттирилган квартира хотиннинг номида бўлиб, эри рўйхатда турмаган, кейинчалик эр чет элга ишлашга кетиб қолган, шу сабабли хотин унинг розилигисиз квартирани тасарруф қилиш мумкинми?

А.Толипов, Бухоро шаҳри

Жавоб:

Агар мулк эр-хотиннинг биргаликдаги никоҳи давомида орттирилган бўлса, ЎзР Оила кодексининг 23-модддасига асосан эрнинг квартирада рўйхатда турган ёки турмаганлигидан қатъий назар квартирани тасарруф қилиш учун эрнинг нотариал тасдиқланган розилиги талаб қилинади. Агар эр чет элда бўлса, эрнинг кўчмас мулкни сотишга, ҳадя қилишга оид розилиги Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихонаси ёки ўша давлатдаги нотариал идора орқали тасдиқланган бўлиши лозим.

Саволларга Бухоро шаҳар 1- сон давлат нотариал идораси нотариуси Д.Бозорова жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш