Мен турмушга чиқмоқчи бўлган йигитим жиноят содир қилганлиги учун судланиб қамалди

Савол: Мен турмушга чиқмоқчи бўлган йигитим жиноят содир қилганлиги учун судланиб қамалди, ҳозирги вақтда у жазони ўтамоқда. Мен у билан қонуний никоҳга киришиш учун қаерга ва кимга мурожаат қилишим керак?

А.С, Жондор тумани

Жавоб: Сиз никоҳга кириш ҳақида ўзингиз яшаб турган ҳудудда ёки йигитингиз жазони ижро этаётган муассаса жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органига бориб никоҳга киришиш ҳақидаги махсус шаклдаги аризанинг ўзингизга тааллуқли қисмини тўлдириб ФҲДЁ органига топширасиз. ФҲДЁ органи аризада келтирилган маълумотларни сизнинг шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат билан солиштиради, аризада қайд этилган маълумотларни тўғрилигини ва сизнинг имзоингизни тасдиқлайди ва сизга аризани қайтаради. Шундан сўнг сиз бу аризани маҳкумга бериш учун жазони ижро этиш маъмуриятига топширасиз. Жазони ижро этиш муассаса маъмурияти тўлдирилган аризадаги маълумотларни маҳкумнинг шахсий йиғма жилдидаги маълумотлар билан солиштиради, уларнинг ҳақиқийлигини текширади ҳамда аризани жазони ижро этиш муассасаси жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органига юборади. Маҳкум билан никоҳни қайд этиш ФҲДЁ органи билан келишилган ҳолда жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан белгиланган бинода никоҳга кирувчиларнинг иштирокида амалга оширилади.

Савол: Мен бир йигит билан анча йилдан буён турмуш қуришни режалаштириб юрган эдим. Тўйимиз бўлишига яқин қолганда йигитим йўл транспорти ҳодисасини содир қилиб қамалиб қолди. У билан қонуний никоҳдан ўтишимда мен тиббий кўрикдан ўтишимни биламан, лекин йигитим қамоқ жойида ҳам тиббий кўрикдан ўтадими, унинг соғлом эканлигиг қандай ишонч ҳосил қиламан?

Б.Ш, Қоракўл тумани

Жавоб: Жазо муддатини ўтаётган йигитингизнинг соғлиқ даражасини аниқлаш сизга қийин бўлмайди, чунки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби ҳақидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 365-сонли қарорига кўра жазони ўташ муассасалари маъмурияти судланганларни никоҳдан олдин тиббий кўрикдан белгиланган тартибда ўтказади. Сиз бу тибби кўрик натижаси билан танишиб чиқиш ҳуқуқига эгасиз.

Саволларга Ғиждувон туман ФҲДЁ бўлими мудири Н.Жаҳонов жавоб берди 


Рўйҳатга қайтиш