Хусусийлаштирилган уй-жой, квартираларни ҳадя шартномасини тўғрисида

Савол: Хусусийлаштирилган уй-жой, квартираларни ҳадя шартномасини расмийлаштиришда хусусийлаштиришда иштирок этган шахсларнинг розилигини талаб қилиш қонунга мувофиқми?

Ф.Исломов,  Шофиркон шаҳри

Жавоб: Ушбу талаб қонуний ҳисобланади, чунки Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддасига асосан хусусийлаштирилган квартира ёки уйни сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш ёки ижарага, арендага бериш учун квартира ёки уй мулкдорининг вояга етган оила аъзолари ва квартира ёки уйнинг хусусийлаштирилишига розилик берган шахсларнинг розилиги олиниши керак. Хусусийлаштирилган уй-жой мулкдорининг вояга етмаган оила аъзолари манфаатларини уларнинг ота-онаси, улар бўлмаган тақдирда эса – васийлик ва ҳомийлик органлари ҳимоя қилади.

Савол: Ён шажара бўйича қариндошлик деганда нима тушунилади?

У.Хасанов, Жондор тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасига асосан ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади.

Савол: Мерос қолдирувчининг фарзандлари бошқа шахс (масалан, невара) фойдасига меросдан воз кечишга ҳақлари борми?

Л.Ботирова, Бухоро шаҳри

Жавоб: Қонун бўйича биринчи навбатдаги меросхўрлар – яъни мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1148-моддасига асосан меросхўр меросдан воз кечганида васиятнома бўйича ёки қонун бўйича меросхўрлар жумласидан бўлмиш бошқа шахслар фойдасига воз кечаётганини кўрсатишга ҳақли.

Масалан, Марҳумнинг биринчи навбатдаги жами бешта меросхўри – фарзандлари бор. Ушбу фарзандларнинг ҳар бири марҳумдан қолган мерос мулкидаги ўз улушидан кимнинг фойдасига воз кечаётганлиги кўрсатган ёки кўрсатмаган ҳолда меросдан воз кечишга ҳақли. Аммо бунда меросхўр шу фарзандлардан, яъни меросхўрлар жумласидан бўлмиш шахслар фойдасиги воз кечишга ҳақли бўлиб, меросхўрлар доирасидан ташқари шахс – невара фойдасига воз кечолмайди. Агар ушбу неваранинг отаси ёки онаси, яъни марҳумнинг ўғли ёки қизи вафот этган бўлиб, невара тақдим қилиш ҳуқуқи (меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, 
унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтиши) ёки мерос трансмиссияси (мерос очилгандан кейин меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқининг ўтиши) бўйича ворисликка чақирилган бўлса, қолган меросхўрлар ушбу невара фойдасига меросдан воз кечишга ҳақлидирлар.

Саволларга Бухоро шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси Д.Бозорова жавоб берди


Рўйҳатга қайтиш