Мамлакатимизда ташкил этилган эркин индустриал-иқтисодий зоналар ҳақида маълумот беринг

Савол: Мамлакатимизда ташкил этилган эркин индустриал-иқтисодий зоналар ҳақида маълумот беринг. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан солиқ соҳасида қандай имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар белгиланди?

К.Эрматов, Жиззах тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги Фармонига асосоан Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона, 2012 йил 13 апрелдаги Фармонига асосан Ангрен махсус индустриал зонаси ҳамда 2013 йил 18 мартдаги Фармонига асосан Жиззах махсус индустриал зонаси 
ташкил этилган.

Хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 
10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), 
мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўлланилиши мумкинлиги белгиланди.

Савол: Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкларга қандай имтиёзлар берилган?

А.Ахмедова, Пахтакор тумани

Жавоб: “Бож тарифи тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда “Чет эл инвестициялари тўғрисида” ги Қонуннинг 12-моддасида устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет 
эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк бож ундиришдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Чет эллик инвесторларнинг ва чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқароларининг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкдан бож ундирилмаслиги белгиланган.

Савол: Инвестицияга оид низолар қандай тартибда ҳал этилади?

И.Болтаев, Жиззах шаҳри

Жавоб: “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ чет эл инвестициялари билан бевосита ёки билвосита боғлиқ низо(инвестицияга оид низо), тарафлар келишувига кўра, улар ўртасидаги маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилиши мумкин. Агар тарафлар келишилган ҳал қилувга эриша олмасалар, бундай низо Ўзбекистон Республикасининг хўжалик суди томонидан ёхуд ҳакамлик воситасида инвестицияга оид низоларни ҳал этишга доир Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларнинг (битимлар ва конвенцияларнинг) қоидалари ва тартиботига мувофиқ ҳал этилиши лозим.

Инвестицияга оид низога жалб этилган тарафлар ўзаро келишувга кўра бундай низони кўриб чиқувчи органни, шунингдек инвестицияга оид низо бўйича ҳакамлик судловини амалга оширувчи мамлакатни аниқлашлари мумкин.

Чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низоларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади, шартномада низоларни ҳал қилишнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ўзга тартиби назарда тутилган ҳоллар 
бундан мустаснодир.

Саволларга Жиззах вилояти адлия бошқармаси маъсул ходими Бахтиёр Муртозов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш