Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби деганда нима тушунилади

Т.Саидов, Тошкент шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби тўғрисидаги Низомнинг 1-бандига мувофиқ (рўйхат рақами 1856, 2008 йил 10 сентябрь) Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби ўз ичига ушбу ҳужжатларни марказлаштирилган тартибда йиғиш, ҳисобга олиш, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик тармоқларининг умумҳуқуқий классификатори асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга код бериш, тизимлаштирилган картотека юритиш, улар фондларининг назорат ҳолати ҳамда бундай ҳужжатлар тўғрисидаги марказлаштирилган ахборотни барпо этиш ва сақлаб туришни қамраб олади.

Савол: Қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби юритилиши керак ва қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби юритилмайди?

С.Чориев, Сурхондарё вилояти

Қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби юритилиши керак:

а) Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;

б) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;

в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари;

г) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;

д) вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари;

е) Қорақалпоғистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари;

ж) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.

Қуйидагилар давлат ҳисобига олинмайди:

а) «Махфий» ва «Ўта махфий» белгиси қўйилган ҳужжатлар;

б) якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар:

шахсий тусдаги (лавозимга тайинлаш, бошқа лавозимга ўтказиш ёки лавозимдан озод қилиш, комиссия ва бошқа коллегиал органлар таркибини тасдиқлаш, орден ва медаллар билан мукофотлаш, фахрий ва ҳарбий унвонлар бериш, муайян шахсларга имтиёзлар бериш тўғрисидаги ва бошқа шу кабилар);

муайян корхона, муассаса, ташкилот ва фуқароларга ер участкаларини бериш (реализация қилиш) тўғрисидаги ҳужжатлар;

тезкор-фармойишли тусдаги (бир марталик топшириқлар);

в) лойиҳаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар;

г) муқаддам белгиланган тартибни ижро этишни ташкил этишга йўналтирилган ҳамда янги ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олмаган, шу жумладан, бутун мазмуни бошқа органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳужжатлари тўғрисида хабардор қилишдан иборат бўлган ҳужжатлар;

д) техник ҳужжатлар, агар улар ўз ичига ҳуқуқий нормаларни олмаса;

е) тавсия тусидаги ҳужжатлар;

ж) сессия, йиғилиш, конференцияларни чақириш тўғрисидаги ҳужжатлар;

з) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга расмий шарҳ бериш тўғрисидаги ҳужжатлар;

и) умумий мажбурий тусга эга бўлмаган бошқа ҳужжатлар.

Савол: Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби реестрларини қайси орган юритади ва ушбу реестрларга қайси маълумотлар киритилади?

М.Маматов, Самарқанд тумани

Жавоб: Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби реестрларини (кейинги ўринларда матнда реестрлар деб юритилади) юритади. Адлия вазирлигига ва адлия бошқармаларига келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни реестрларга киритиш билан давлат ҳисобига олинади.

Адлия бошқармалари ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 3-кунигача, давлат ҳисобига олинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида реестрдан кўчирма шаклида олинган қоғоз ва электрон шакллардаги маълумотларни Адлия вазирлигига жўнатади.

Реестрга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар киритилади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг реестрдаги тартиб рақами;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни реестрга киритиш санаси;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тури;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган(лар);

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш санаси ва унинг рақами (вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари учун уларнинг Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинган рақами ва санаси);

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга кириш санаси ва амал қилиш муддати;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг расмий нашрларда эълон қилиниши тўғрисидаги маълумотлар;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик тармоқлари умумҳуқуқий классификатори бўйича коди;

бошқа маълумотлар (изоҳ).

Савол: Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби реестрларида жойлаштирилган маълумотлардан жисмоний шахслар ҳам ахборот олишлари мумкинми?

Г.Гаримова, Бухоро шаҳри

Жавоб: Барча юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисобиреестрларида жойлаштирилган маълумотлардан ёзма мурожаатлар асосида ёки Адлия вазирлигининг расмий сайтидан ахборот олишлари ва ундан фойдаланишлари мумкин.Реестрлардан маълумот тақдим этиш аризачининг ёзма мурожаати асосида тегишлича Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади. Реестрларда маълумот олиш учун ёзма мурожаатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қидириш учун керакли бўлган маълумотлар кўрсатилиши лозим.

Г. Эргашева, Адлия вазирлиги масъул ходими


Рўйҳатга қайтиш