Мен тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчиман. Бунинг учун тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтишим керак экан.

Савол: Мен тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчиман. Бунинг учун тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтишим керак экан. Мен тегишли ҳужжатларни интернет тармоғи орқали тақдим этишим, тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиш жараёнини Интернет тармоғи орқали амалга оширишим мумкинми?

С.Олимов, Самарқанд тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрдаги 312-сонли “Тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимизда 2014 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизми жорий этилди.

Унга кўра, электрон рўйхатдан ўтказиш таъсис ҳужжатларини масофадан туриб ва интерактив расмийлаштириш йўли билан намунавий шакллар асосида тайёрлаш имконияти бўлган Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали амалга оширилади. Электрон рўйхатдан ўтказишда зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш учун ариза бериш, шунингдек рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатларини ва тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бериш электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Маълумки, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сонли қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрдаги 312-сонли қарори билан мазкур Низомга ҳам тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди ҳамда унда тадбиркорлик субъектини электрон тарзда давлат рўйхатидан ўтказиш механизми белгиланди.

Шунингдек, мазкур механизмнинг ҳуқуқий асоси Шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари тўғрисида намунавий низомда (рўйхат рақами 2580, 2014 йил 5 май) ҳам белгиланган. Унда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун ҳужжатларни топшириш ариза берувчи томонидан ўз яшаш жойидаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига келган ҳолда, почта алоқаси воситасида, шу билан бирга Интернет тармоғи орқали ҳам амалга оширилиши мумкинлиги назарда тутилди.

Савол: Мен тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаяпман. Солиқ органларининг жойлашган жойи менинг ташкилотим жойлашган жойдан узоқ масофада жойлашганлиги сабабли, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошириш, уларни расмийлаштириш жуда кўп вақт ва харажатни талаб қилмоқда. Мазкур тўловларни ва уларнинг ҳисоботларини электрон тарзда топширишим мумкинми?

Т.Исломов, Узун тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августдаги ПФ–4354-сонли “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳисоботлар тизими ҳамда молия, солиқ ва статистика идораларига ҳисоботларни топшириш механизмини уларни электрон тизим бўйича тақдим этишга босқичма-босқич ўтиш орқали тубдан соддалаштириш Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг муҳим вазифалари этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги ПФ–4455-сонли Фармонига асосан, 2013 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича “Интернет-банкинг” тизими жорий қилинди.

Шунингдек, тижорат банкларига тўловларни электрон шаклда амалга оширувчи кичик тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларига хизмат кўрсатганлик учун ундириладиган тўлов миқдорини камида 20 фоизга камайтириш тавсия этилди.

Бундан ташқари, Сиз тадбиркорлик субъектларига янада кўпроқ эркинликлар бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 15 апрелдаги ПҚ–2164-сонли “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2014 йил 1 октябрдан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида махсус “тадбиркорлик субъектининг кабинети” ишлаши белгиланди.

“Тадбиркорлик субъектининг кабинети”нинг жорий этилиши, биринчидан, молия, солиқ, статистика ва бошқа турдаги ҳисоботларни интерактив расмийлаштириш ва тақдим этиш, иккинчидан, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, коммунал тўловларни, лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатлар бўйича кўриб чиқишда ва уларни олишда тўланадиган йиғимларни ва давлат божларини Интернет-банкинг тизими орқали тўлаш, учинчидан, мазкур “Тадбиркорлик субъектининг кабинети” орқали маълумотномалар олиш ва бошқа интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш имконини берди.

Савол: Мен Тошкент шаҳрида жойлашган акциядорлик жамиятининг акциядориман. Ҳозирда мазкур акциядорлик жамиятининг акциядорлари ўртасида жамиятнинг фаолияти билан боғлиқ низо келиб чиқмоқда. Мазкур низони суд тартибида ҳал қилиш учун қайси судга мурожаат қилиш керак?

М.Усмонов, Тошкент шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ–352-сонли Қонунига асосан, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу кодекснинг 23-моддасига асосан, иштирокчилар ўртасида, иштирокчилар билан хўжалик ширкатлари ва жамиятлари ўртасида, шу жумладан акциядорлар ўртасида, акциядор билан акциядорлик жамияти ўртасида хўжалик ширкатлари ва жамиятлари фаолиятидан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар (бундан меҳнатга оид низолар мустасно) бўйича низолар хўжалик судлари томонидан кўриб чиқиладиган бўлди.

Шундай экан, саволингизда қайд этилган масала юзасидан хўжалик судларига мурожаат қилишингиз лозим.

Савол: Мен фаолият юритаётган ташкилот ва хизмат кўрсатувчи ташкилот ўртасида тузилган шартномага бўйича низоли вазият юзага келмоқда. Мазкур низо бўйича тадбиркорлик субъекти сифатида хўжалик судларига мурожаатимизни электрон тарзда беришимиз мумкинми?

Б.Махсадов, Ургут тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги ПФ–4455-сонли “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида “бир ойна” тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларининг даъво аризалари ва илтимосномаларини хўжалик судларига бериш Интернет хизмати орқали амалга ошириладиган бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ–352-сонли Қонунига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик-процессуал кодексига қўшимча киритилди. Эндиликда, амалдаги тартибга кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб хўжалик судига мазкур Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли бўлиб, мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар хўжалик судига ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Савол: Ҳозирда мен тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланяпман. Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг қўллаб-қувватлаш юзасидан барча соҳаларда ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Жиноят қонунчилигида ҳам бошқа соҳалардаги каби тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратилгани каби енгилликлар белгиланганми?

И.Тургунов, Андижон шаҳри

Жавоб: Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг жиноят-ҳуқуқий муҳофазасини янада кучайтириш мақсадида бошқа соҳалар қаторида жиноят қонунчилигига ҳам қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 41-моддасига (касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик) қўшимча киритилиб, тадбиркорлик субъектларининг ўзларига кўрсатилган хизматлар, шу жумладан берилган кредитлар юзасидан банклар ва бошқа молия ташкилотлари олдидаги шартнома мажбуриятларини тадбиркорлик таваккалчиликлари ҳамда бошқа тижорат таваккалчиликлари билан боғлиқ ҳолда бажармаганлиги банклар ва бошқа молия ташкилотлари ходимларини жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлмаслиги қонуний мустаҳкамланди. Кодексга киритилган мазкур қўшимча мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш билан бир қаторда, тадбиркорлик субъектларининг янада эркин ҳаракатланишига имконият яратди ҳамда иқтисодий юксалиш юзасидан асосли таваккалчиликка асосланган фаолиятларини қўрқмасдан амалга оширишларига йўл очиб берди.

Шунингдек, жиноят-ҳуқуқий соҳада жиноят натижасида етказилган зарарнинг миқдорини аниқлашда янгича ёндашув белгиланди, бунда етказилган зарар миқдорини аниқлашда анча миқдор – энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача, кўп миқдор – энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача, жуда кўп миқдор – энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдор деб ҳисобланиши белгиланди.

Жиноят қонунига киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилади, уларнинг ўз иқтисодий салоҳиятини янада ошириш юзасидан дадил қадам ташлашларини рағбатлантиради.

Саволларга Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи О.Файзиев жавоб берди 


Рўйҳатга қайтиш