Чет элда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўлимини қайд этиш тартиби ҳақида тушунтириш берсангиз.

Савол: Чет элда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўлимини қайд этиш тартиби ҳақида тушунтириш берсангиз.

Т.Саидбобоев, Бухоро шаҳри

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сон қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари”нинг 127-бандига асосан чет элда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўлимини қайд этиш марҳум яшаб турган ёки ўлим содир бўлган жойдаги консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади.

Агар ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойидан бошқа округда амалга оширилса, у ҳолда ўлимни қайд этган консуллик муассасаси марҳум ҳисобда турган консуллик муассасасига унинг фамилияси, исми, отасининг исми, ўлган санаси, шунингдек ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувининг рақами ва ўлим қайд этилган сана кўрсатилган хабарнома юборади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 31 декабр 2013 йилдаги 400-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 118-бандига асосан чет элда вафот этган шахсга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига ва дафн этиш жойига топшириш учун маълумотномалар (43-илова) унинг охирги яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан берилади. Ушбу маълумотномалар ФҲДЁ органидан жўнатилаётган хатларни рўйхатга олиш дафтарига кирим қилинади ва уларнинг нусхаси тегишли йиғмажилдга муқовасининг ички чап томонида рўйхати кўрсатилган ҳолда тикилади.

“Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари”нинг 129-бандига асосан ўлим қайд этилгандан кейин марҳумнинг ҳужжатлари дипломатик почта орқали Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармасига жўнатилади.

Марҳумнинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатининг йўқлиги ўлимни қайд этиш учун тўсиқ бўла олмайди, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармаси хабардор қилинади.

Саволга Қоровулбозор туман ФҲДЁ бўлими мудираси Зиядуллаева Дилдор Элмуратовна жавоб беради. 


Рўйҳатга қайтиш