Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдорлари ҳақида тушунтириш берсангиз.

Савол: Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдорлари ҳақида тушунтириш берсангиз.

А.АзизовБухоро шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги “Тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун рўйхатдан ўтказиш тартиботлари тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 357-сон қарори билан тасдиқланган Низом ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида”ги 357-сон қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида ва вилоятлар адлия бошқармаларида давлат рўйхатидан ўтказилганлик учун:

хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, шунингдек 500 АҚШ доллари;

суғурта ва аудиторлик ташкилотлари, солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари, биржалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари билан ташкил этиладиган акциядорлик компаниялари (шу жумладан давлат-акциядорлик компаниялари ва холдинглар) шаклидаги хўжалик бошқаруви органлари, Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган ҳудудий (вилоятлар, вилоятлараро ва туманлараро) базалар ва бозорлар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида давлат божи тўланади.

Таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги учун белгиланган давлат божи 50 фоизи миқдорида тўлов олинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 12 майдаги “Тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1529-сонли қарорига кўра туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш бўйича тегишли инспекцияларда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўланадиган давлат божи ставкаси энг кам иш ҳақи миқдорининг бир бараварига тенгдир.

Саволга Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Ш.Эргашев жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш