Мерос қачон очилади?

С.Обидов, Бухоро шаҳри

Жавоб: Фуқаролик кодексининг 1116-моддасига асосан мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган, деб эълон қилиниши оқибатида очилади. Фуқаронинг ўлганлик ҳолати ФҲДЁ бўлимлари томонидан тегишли тартибда бериладиган ўлим гувоҳномаси асосида ёки суднинг қонуний кучга кирган фуқарони вафот этган, деб эълон қилинганлиги тўғрисидаги ҳал қилув қарори асосида тасдиқланади.

Саволга Бухоро шаҳар 1-сон ДНИ катта нотариуси Д.Бозорова жавоб берди.

Савол: Меросдан қачон воз кечиш мумкин, воз кечган шахс кейинчалик уни бекор қилиши мумкинми?

Н.Муродова, Қоракўл тумани

Жавоб: Фуқаролик кодексининг 1147-моддасига асосан меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли. Аммо меросдан воз кечилгандан кейин бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши 
мумкин эмас.

Саволга Қоракўл туман 1-сон ДНИ нотариуси А.Баҳронов жавоб берди.

Савол: Кимлар қонун бўйича биринчи навбатдаги меросхўрлар ҳисобланади?

Ю.Холиқов, Бухоро шаҳри

Жавоб: Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига асосан мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан, фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва

ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи нав­батдаги ворислар жумласига киради.

Қонунчилигимиз ниҳоятда инсонпарвар бўлиб, ҳомила ҳолатида бўлган, бироқ ҳали туғилмаган бола ҳам меросхўр ҳисобланади ва меросни тақсимлаш ушбу меросхўр туғилгандан кейин амалга оширилади.

Саволга Бухоро шаҳар 8-сон ДНИ нотариуси Б.Ашуров жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш