Уй-жой ижара шартномаси ҳамда уни тузиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз

Савол:

Мен узоқроқ туманда яшайман. Олий ўқув юртига ўқишга кирганлигим сабабли, шаҳарда оилам билан бирга яшаш учун олийгоҳга яқин атрофда квартира ижарага олмоқчиман.

Б.Мансуров, Ромитан туман

Жавоб: 

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 603-моддасига мувофиқ ёзма шаклда тузилади. Фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак. Ижарага берувчи сиз (ижарага олувчи)га доимий яшаш учун яроқли бўш уй-жойни бериши лозим. Ижрага берувчи ижарага берилган турар жой жойлашган уйдан тегишли даражада фойдаланишни амалга ошириши, сиз (ижарага олувчи)га ҳақ эвазига зарур коммунал хизмат кўрсатиши ёки хизмат кўрсатилишини таъминлаши, кўп квартирали уйнинг умумий фойдаланиладиган мол-мулкни ва турар жой биносида таъмирланишини таъминлаши керак. Шунинг баробарида сиз (ижарага олувчи)нинг ҳам мажбуриятларингиз мавжуд. Жумладан, уй-жойдан фақат унинг вазифаси бўйича фойдаланиши, уй-жойнинг сақланишини таъминлаш ва уни яхши ҳолда тутиши, ижара берувчининг розилигисиз уй-жойни қайта қуриши ва тузилишини ўзгартиришга ҳақли эмаслиги, уй-жой ҳақини ўз вақтида тўлаб туриши, агар шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи коммунал хизматлар ҳақини мустақил тўлаши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 607-моддасида белгилаб қўйилган.

Саволга Ромитан туман 2-сон ДНИ нотариуси  С.Ҳалимова жавоб берди 


Рўйҳатга қайтиш