Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш қандай тартибда амалга оширилади? Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиш мумкинми?

Р.Рашидов, Ромитан тумани

Жавоб: Ер участкаси шартнома асосида қуйидаги асосларда ижарага берилади:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ва юридик шахсларига — туман ва шаҳар ҳокимлари;

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан берилади.

Ер участкалари ижарасининг шартлари ва муддатлари тарафларнинг келишувига биноан белгиланади ва шарт­номада мустаҳкамлаб қўйилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ижарага эллик йилгача бўлган, бироқ ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 37-моддасига асосан ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишлигича туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилади. Ер эгаси, ердан фойдаланувчи ва ижарачи ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, бу қарорлар устидан судга шикоят қилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Саволга Ромитан туман 2-сон ДНИ нотариуси Соҳиба Ҳалимова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш