Мен бундан қарийб 10 йил аввал Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга кирган эдим.

Савол: 

Айрим сабаблар билан ўқишни 4 курсда давом эттира олмадим. Ҳозир ўқишимни тиклашни ният қилаяпман. Айтингчи, мен ўқишни тиклашим мумкинми? Умуман, олий таълимга ўқишни тиклаш ким томондан қайси вақтда амалга оширилиши ҳақида маълумот берсангиз.

С.Махмудов, Бухоро вилояти

Жавоб: 

Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш, одатда, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилади.

Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш қуйидагиларнинг:

олий таълим муассасалари;

тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар;

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси қошидаги Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссияси қарорлари асосида амалга оширилади.

Ўқишдан четлатилгандан кейин 5 йилдан ортиқ муддат (ҳарбий хизматда бўлганлик, уч ёшгача бўлган болаларни парвариш қилиш билан боғлиқ меҳнат таътили ҳамда соғлиқни қайта тиклаш вақтлари ушбу муддатга кирмайди) ўтган ҳолларда талабалар ўқишини қайта тиклаш Идоралараро комиссиянинг рухсати билан амалга оширилади.

Саволга Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи  Мустафо Ходжаев жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш