Мен ўз уйимни сотмоқчи бўлиб нотариал идорага мурожаат қилганимда, менга нотариус уйим улушли мулк эканлигини, шу сабабли уйимни сотишга қўшнимнинг розилигини олишим кераклигини айтди. Шу тўғрими?

З.Обидова, Бухоро тумани

Жавоб:

Нотариуснинг талаби тўғри, чунки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 224-моддасига мувофиқ, агар умумий улушли мулк иштирокчиси ўзига тегишли бўлган қисмни яъни улушини сотмоқчи бўлса, улушли мулкнинг қолган иштирокчиларнинг имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга эканликларини ёзма равишда билдириши лозим, агар қолган мулкдорлар сотиб олиш ҳуқуқидан воз кечсалар ёки бу ҳуқуқни хабар қилинган кундан эътиборан бир ой давомида амалга оширмасалар, у ҳолда сотувчи ўз улушини ҳар қандай шахсга сотишга ҳақли бўлади.

Савол:

Бошқа мулкдорни мен қандай хабардор қилишим мумкин?

О.Максумова, Вобкент тумани

Жавоб:

Олди-сотди шартномасини расмийлаштириб беришни сўраган нотариал идора томонидан Сизнинг мурожаатингизга биноан бошқа мулкдорларга ёзма хабарнома жўнатилиши мумкин. Мулкдор-қўшнингизни ўзингиз хабардор қилсангиз ва улар нотариал идорага шахсан келиб мулкни сотиб олишдан воз кечиш аризасини берсалар ҳам бўлади.

Саволларга Бухоро туман ДНИ нотариуси М.Аслонова жавоб берди  


Рўйҳатга қайтиш