Электр энергияси тизимида чеклаш деганда нима тушунилади?

Т.Соатов, Нукус шаҳри

Жавоб: Электр энергияси тизимида чеклаш деганда электр энергияси етказиб бериш шартномасида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш оқибатида муайян вақт оралиғи давомида, шунингдек ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг электр тармоқларида форс-мажор ҳолатлар туфайли пайдо бўлган авария режимлари вақтида истеъмолчига шартномада белгиланган электр энергияси ва (ёки) қуввати етказиб бериш миқдорининг камайиши тушунилади.

Савол: Истеъмолчи шартномада кўрсатилганидан кўп миқдорда электр энергияси истеъмол қилса бўладими?

У.Фармонов, Тошкент шаҳри

Жавоб: Электр таъминоти шартномаларида (маиший истеъмолчилардан ташқари) ҳисобот даврида электр таъминоти шартномасида кўрсатилган миқдорга нисбатан 5 фоиздан кўп электр энергияси истеъмол қилинганда, ҳисоб-китоб даври учун электр таъминоти шартномасида кўрсатилгандан ортиқ истеъмол қилинган жами ҳажм учун белгиланган тарифнинг 50 фоизи миқдорида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси фойдасига жарима санкциялари тўланиши кўзда тутилади.

Савол: Истеъмолчи шартномада кўрсатилганидан кам миқдорда электр энергияси истеъмол қилса тўланган аванс маблағи қайтариб бериладими?

Х.Хотамқулов,  Каттақўрғон тумани

Жавоб: Истеъмолчининг айби билан электр таъминоти шартномасида кўрсатилган электр энергияси ҳажми тўлиқ истеъмол қилинмаган тақдирда, аванс тариқасида тўланган маблағлар қайтариб берилмайди ва электр энергияси учун кейинги ҳисоб-китобларда ҳисобга олинади.

Савол: Сарф қилинган электр энергияси ҳаққини ўз вақтида тўламаганлик учун аҳолига қандай чора кўрилиши мумкин?

М.Мақсудова,  Бағдод тумани

Жавоб: Маиший истеъмолчилар тўлов бўйича қарздор бўлишганда, тўлов муддати ўтган ҳар бир кун учун тўлов муддати ўтган сумманинг 0,1 фоизи миқдорида, лекин муддати ўтган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайдилар.

Пеняни ҳисоблаш ҳисобга олишни назорат қилиш прибори кўрсаткичлари ёзиб олингандан ва амалга оширилган қайта ҳисоб-китоблардан кейин, шунингдек белгиланган тартибда киритилган олдиндан тўлаш ҳисобга олинган ҳолда, ҳисоб-китоб давридан кейинги ойнинг 11-кунидан бошлаб маиший истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамида акс эттирилган аниқлаштирилган қарздорлик (недоимка) суммасидан амалга оширилади.

Пеняни ҳисоблаб чиқиш учун қарздорлик пайдо бўлган ой аниқланади ва ҳар бир ойлик недоимка бўйича муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеня ҳисоблаш ана шу ойдан бошланади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими Фарход Акбаров жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш