Апостиль нима ва у қандай маънони англатади ?

М.Ҳамроева, Ғиждувон тумани

Жавоб: Апостиль – ҳужжатни имзолаган сифатида иш кўрган шахснинг имзоси ҳақиқийлигини ва ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ва штамп босма изи ҳақиқийлигини тасдиқлайдиган Конвенцияга мувофиқ расмий ҳужжатга чет элда фойдаланиш мақсадида қўйиладиган махсус штамп.

Апостиль қўйиш - ҳужжатни имзолаган сифатида иш кўрган шахс имзосининг ҳақиқийлигини ва ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ёки штамп босма изи ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун зарур бўлган расмий тартиб қоида.

“Юлдузча” – ҳужжат варақлари маҳкамланадиган жойга ёпиштириладиган ва апостильни қўйган ваколатли давлат органининг гербли муҳри босиладиган қалин қоғоз.

Савол: Апостил қўйиш учун ваколатли мансабдор шахсга қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

С.Тўлаева, Шофиркон тумани

Жавоб: Апостиль қўйиш учун расмий ҳужжатга апостиль қўйиш тўғрисида ариза, ариза берувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг нусхаси, хорижий давлат – Конвенция қатнашчиси ҳудудида фойдаланиладиган расмий ҳужжат, апостиль қўйилганлиги учун йиғим тўланганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этилади. Апостиль қўйиш тўғрисидаги ариза, шунингдек апостиль қўйилганлиги учун йиғим тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат ягона асл нусхада тақдим этилади.

Савол: Қандай расмий ҳужжатларга апостиль белгиси қўйилмайди.

Д.Мухаммадиева, Бухоро шаҳри

Жавоб: Апостиль – чет элда Ўзбекистон Республикасининг элчихоналари ёки консуллик муассасалари томонидан содир этилган ҳужжатларга, тижорат ёки божхона операцияларига тўғридан-тўғри алоқадор бўлган ҳужжатларга, шунингдек, паспорт ва ҳарбий билетларга қўйилмайди.

Савол: Апостиль қўйиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқилганлиги учун неча сўм миқдорида йиғим ундирилади?

Б.Нарзиев, Олот тумани

Жавоб: Апостиль қўйиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Ариза берувчи берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси аризачига қайтарилмайди.

Савол: Апостиль қўйиш рад этилган тақдирда қандай ҳаракат амалга оширилади?

Л.Турдиева, Ромитан тумани

Жавоб: Апостиь қўйиш рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 307-сонли қарори билан тасдиқланган “Апостиль қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ рад этиш тўғрисидаги билдиришномада рад этиш сабаблари ва ариза берувчи кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун расмий ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддат (30 календар кун) кўрсатилган ҳолда ариза берувчига ёзма шаклда юборилади (топширилади).

Ариза такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Савол: Апостильни қўйиш қайси хатти-ҳаракатларни ўз ичига олади?

З.Обидова, Пешку тумани

Жавоб: Апостильни қўйиш:

а) ҳужжатларни қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш;

б) апостиль қўйиш рад этилиши учун асослар йўқлигини аниқлаш, шу жумладан мансабдор шахснинг имзоси ва расмий ҳужжатдаги ташкилотнинг муҳри босма изи мавжуд намуналарга мувофиқлигини текшириш;

в) апостильни қўйиш (апостиль қўйиш рад этилиши учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда);

г) апостиль қўйиш рад этилиши (апостиль қўйиш рад этилиши учун асослар аниқланган тақдирда);

д) ҳужжатларни бериш каби ҳатти-ҳаракатларни ўз ичига олади.

Саволларга Ғиждувон туман 1-сон ДНИ катта  нотариуси З.Давлатов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш