Халқаро арбитраж судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишни тартибга солувчи миллий қонунчилик деганда нима тушунилади?

С.Тошева, Тошкент шаҳри

Жавоб: 

Халқаро арбитраж судлари қарорларини эътироф этиш ва ижрога қаратишнинг ҳуқуқий асослари деганда халқаро арбитраж судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминловчи, кафолатловчи ва тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар йиғиндиси тушунилади.


Савол: Халқаро арбитраж судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишни тартибга солувчи миллий қонунчилик тизимига тўхталсангиз.

А.Сафоев, Навоий шаҳри

Жавоб: 

Халқаро арбитраж судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишнинг ҳуқуқий асосларининг миллий қонунчилик нормаларини қуйидагича тизимга ажратиб ўрганиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси - олий юридик кучга эга бўлиб, қолган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар учун дастурамал норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси кодекслари - Хўжалик юритувчи субъеклар ўртасидаги, хўжалик юритувчи субъеклар ва давлат ҳамда бошқа органлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекси ҳамда фуқаролар ўртасида юзага келадиган шахсий ва шахсий номулкий муносабатларни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва Фуқаролик процессуал кодексини мисол қилиб келтирсак бўлади.

Ўзбекитон Республикаси қонунлари - ижро ҳаракатларини амалга оширишнинг умумий шартлари, ижро ишини юритишда иштирок этадиган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, мажбурий ижро асослари ва чоралари, ижро ҳужжатини бажармаслик учун жавобгарлик ва бошқа жиҳатлар тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 258-II-сонли “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг  2006 йил 16 октябрда қабул қилинган 64-сонли “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуни,  Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 1 августда қабул қилинган 106-сонли “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунларини келтириб ўтсак бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг қонун-ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 5 февралдаги ПФ-1704-сонли “Хўжалик судларининг қарорлари ижросини таъминлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 14 августдаги ПФ-2682-сонли “Ўзбекистон Республикасининг суд тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонлари.

Бошқа локал ҳужжатлар - Ўзбекистон Ҳакамлик судлари Ассоциацияси ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг Регламенти, Ўзбекистон Ҳакамлик судлари Ассоциацияси ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг Низоми.


Савол: Халқаро арбитраж судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишни тартибга солувчи халқаро қонунчилик тизимига тўхталсангиз?

Р.Йўлдошев, Сирдарё тумани

Жавоб:

Халқаро арбитраж судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишнинг ҳуқуқий асоси бўлмиш халқаро нормалар, халқаро шартнома, келишув, битим ва конвенцияларни ҳам ўз навбатида қуйидаги турларга  ажратсак бўлади:

Халқаро шартнома ва конвенциялар – буларга мисол, “Арбитраж қарорларини ижро этиш” бўйича Женева Конвенцияси (1927 йил), “Чет эл мамлакатлари арбитраж қарорларини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисида”ги 1958 йил 10 июндаги Нью-Йорк Конвенцияси.

Ҳудудий шартнома ва конвенциялар – буларга мисол, 1928 йилги Бустаманте Кодекси, 1932 йилги Дания, Финландия, Исландия, Норвегия ва Швеция ўртасидаги Конвенция, 1952 йилги Араб давлатлари Лигасига аъзо-давлатларнинг суд қарорларини ижро этиш тўғрисидаги Конвенция, 1962 йилги одил судлов соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Афро-Малагай умумий Конвенцияси, МДҲ ҳудудида амал қиладиган 1992 йил 20 мартдаги “Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида”ги Киев битими, 1993 йил 22 январдаги “Ҳуқуқий ёрдам ва фуқаролик, оила ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Минск Конвенцияси.

Икки тарафлама халқаро шартномалар – буларга мисол, Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги фуқаролик, савдо ва жиноят ишлари масалалари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартнома, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳуқуқий ёрдам ва фуқаролик, оила ва жиноят ишлари бўйича муносабатлар тўғрисидаги Шартнома, Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасидаги ҳуқуқий ёрдам ва фуқаролик, оила ва жиноят ишлари бўйича муносабатлар тўғрисидаги Шартнома, Ўзбекистон Республикаси ва Украина Республикаси ўртасидаги ҳуқуқий ёрдам ва фуқаролик ва оилавий ишлар бўйича муносабатлар тўғрисидаги Шартнома, Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартнома.


Савол: Ўзбекистон Республикаси бевосита халқаро арбитраж судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишни тартибга солувчи қайси халқаро конвенцияларга қўшилган?

О.Норқулов, Самарқанд шаҳри

Жавоб: 

Ўзбекистон Республикаси кўпчилик ривожланган давлатлар сингари халқаро арбитраж судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадида 1954 йил 1 мартдаги “Фуқаролик процесси масалалари тўғрисида”ги Гаага Конвенциясини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 22 декабрдаги 183-I-сонли “1954 йил 1 мартда имзоланган Фуқаролик процесси масалаларига доир Гаага Конвенцияси ратификация қилиш тўғрисида”ги қарори билан ратификация қилган ҳамда 1958 йил 10 июндаги “Чет эл мамлакатлари арбитраж қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида”ги Нью-Йорк Конвенциясига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 22 декабрдаги 184-I-сонли “1958 йил 10 июндаги халқаро ҳакамлик қарорларини ижросини таъминлаш ва уларни тан олиш бўйича Нью-Йорк Конвенциясига қўшилиш тўғрисида”ги қарори билан қўшилган.

“Чет эл мамлакатлари арбитраж қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида”ги 1958 йил 10 июндаги Нью-Йорк Конвенцияси нодавлат (ҳакамлик) судларининг қарорларини эътироф этиш ва ижро этиш тартибини ҳамда бевосита бир давлатнинг халқаро арбитраж суди қабул қилган қарорнинг бошқа бир давлат ҳудудида тан олиниши ва ижрога қаратилишини ёхуд ижрога қаратишни рад этиш шартлари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишни назарда тутади.

Мазкур Нью-Йорк Конвенцияси 16 моддадан иборат бўлиб, нодавлат (ҳакамлик) судларининг қарорларини эътироф этиш ва ижро этишнинг халқаро стандартларини ҳамда ижро этишнинг тартибини белгилаб беради. Ушбу халқаро стандартлар ўз навбатида Конвенцияни ратификатция қилган давлатлар учун умуммажбурий бўлиб ҳисобланади.


Савол: Халқаро арбитраж судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишни тартибга солувчи қонунчиликдаги охирги ўзгаришларга тўхталсангиз.

Д.Ҳакимов, Жиззах шаҳри

Жавоб: 

Хўжалик судлари томонидан чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳамда чет давлат судининг топшириғини ижро этиш тўғрисидаги ишларни кўришда қонун ҳужжатларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми 2013 йил 24 майда 248-сонли “Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳамда чет давлат судининг топшириғини ижро этиш тўғрисидаги ишларнинг хўжалик судлари томонидан қўрилишида қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 3 апрелдаги ЎРҚ-346-сонли “Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартномани (Сеул, 2012 йил 20 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуни билан ратификация қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида махсус доимий фаолият кўрсатувчи “Халқаро арбитражлар масалалари бўйича ахборот таҳлил” гуруҳи ташкил қилиниб, самарали фаолият кўрсатаётганлигини ҳам алоҳида эътироф эитш жоиз.

Саволларга Адлия вазирлиги ҳузуридаги  

Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази етакчи маслаҳатчиси М.Исматов жавоб берди.




Рўйҳатга қайтиш