Ёшим 24 да, Олий юридик маълумотга эгаман.

Савол Нотариус стажёри бўлишим учун шу етарлими?

О.Юсупов, Бухоро шаҳар

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунига асосан Олий юридик маълумотга эга бўлган, юридик мутахассислик бўйича камида бир йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон фуқароси нотариус стажёри бўлиши мумкин.


Савол: Нотариус стажёри бўлишим учун қаерга мурожаат қилишим лозим?

Д.Мухаммадиева, Бухоро туман

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига биноан, нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан белгиланади. Нотариал идораларда стажёрлар заҳираси Қорақалпоғистон Республикаси Адлия Вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан шакллантирилади. Стажёрликка ишга қабул қилишда номзодлар стажёрлар заҳирасидан танлаб олинади. Фуқаро стажёрликка қабул қилинишидан олдин адлия бошқармасида суҳбатдан ўтади.


Савол: Стажёрни ишга қабул қилишда қандай ҳужжатлар тақдим этиш керак бўлади?

О.Муродова, Ромитан туман

Жавоб:

Стажёрни ишга қабул қилишда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

а) ариза,

б) белгиланган шаклда тўлдирилган шахсий варақа,

в) паспорт нусхаси,

г) таржимаи ҳол,

д) олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхаси,

е) меҳнат дафтарчаси,

ж) аввалги иш жойидан тавсифнома.

Саволларга Бухоро шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси О.Зияев жавоб берди 


Рўйҳатга қайтиш