Яқинда юридик хизмат ходимларининг адлия органларида стажировка ўташ тартиби ҳақида эшитиб қолдим. Шу ҳақда қисқача маълумот берсангиз?

Ш.Убайдуллаев

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги 149-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги буйруғи билан Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа давлат ташкилотлари юридик хизматлари ходимларининг адлия органларида стажировка ўташ тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ушбу Низомга кўра, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа давлат ташкилотлари юридик хизматлари ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар ўзларининг касбий билимлари, ўқув ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, шунингдек тайинланаётган лавозими бўйича функционал вазифаларини сифатли бажариши учун илғор тажрибани эгаллаб олиш мақсадида адлия органларида стажировка ўтайдилар.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари марказий аппаратлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар стажировкани Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳамда бошқа давлат ташкилотларининг юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар эса, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида ўтайдилар.

Юридик хизмат ходимини белгиланган муддатда стажировка ўташ учун юбориш мажбурияти ташкилот раҳбари зиммасига юклатилади. Ташкилот раҳбари юридик хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсни стажировкадан ўтказишни сўраб у лавозимга тайинлаган кундан эътиборан ўн кун ичидатегишли адлия органига мурожаат этиши лозим.

Ўз навбатида адлия органи мурожаат келиб тушгандан сўнг уни кўриб чиқиб, икки ой ичида стажировка ўташни ташкил қилиш ва уни ўташ бўйича аниқ муддатни кўрсатган ҳолда ташкилот раҳбарини стажировка бошланишидан камида бир ҳафта олдин ёзма равишда хабардор қилади.

Стажёрга методик ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг амалий кўникмаларини шакллантириш учун адлия органларининг камида икки йиллик иш стажига эга бўлган тажрибали ходимлари орасидан стажировка раҳбари тайинланади.

Стажировка ўташ муддати икки ҳафтани ташкил этади.

Ҳар бир стажёр учун у томондан бажариладиган ишлар мазмуни ва муддати кўрсатилган стажировка ўташ режаси ишлаб чиқилади. Стажёрга стажировка ўташ режаси билан боғлиқ бўлмаган вазифа ва топшириқлар берилиши тақиқланади.

Стажировка ўташ режасида белгиланган тадбирларни бажариб бўлгач, стажёр у бўйича ёзма ҳисобот тайёрлайди. Ҳисобот стажировка раҳбари томонидан қабул қилинади. Ҳисоботни қабул қилишда стажёрнинг касбий билим ва кўникмаларни қанчалик ўзлаштирганлигини баҳолаш мақсадида у билан суҳбат ўтказилиб, унинг ҳисоботи муҳокама қилинади.

Стажировка муддати тугаганидан кейин стажировка раҳбари томонидан стажёрга нисбатан тавсифнома тузилади ва унда стажёрнинг стажировка ўташ режасида назарда тутилган тадбирларни қанчалик ўзлаштирганлиги, тартиб-интизоми, стажировка давомида у томонидан эгаллаб олинган касбий билим ва амалий кўникмалар акс эттирилади.

Стажёрнинг белгиланган тартиб қоидаларга риоя қилмаганлиги, стажировка ўташ режасида кўрсатилган тадбирларни тўлиқ бажармаганлиги ва узрсиз сабабларга кўра стажировкага келмаганлиги ҳам тавсифномада акс эттирилади ҳамда ушбу тавсифнома стажёрни юборган ташкилотга жўнатилади.

Саволга Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Жасур Асадов жавоб берди


Рўйҳатга қайтиш