Республикамизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритишлари учун қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд?

А.Насимов, Бухоро вилояти

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилот(ННТ)лари фуқаролик жамияти институтлари шаклларидан бири ҳисобланиб, бугунги куннинг энг долзарб мавзусига айланган, десак муболаға бўлмайди.

Республикамизда ННТларни ташкил этиш, уларнинг эркин фаолият юритиши ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларни янада ривожлантиришда фаол иштирок этишига замин яратишга қаратилган 200 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, улар “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардир. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2013 йил 12 декабрдаги қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 2014 йил 10 мартдаги қарори ННТларни ташкил этиш ва фаолият юритиши учун бир қатор имтиёз ва енгилликларни ўзида мужассамлаштирган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Савол: Юртимизда турли давлатларнинг фуқаролари меҳнат фаолиятларини олиб бораётганларининг гувоҳи бўламиз. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ННТларда чет эллик ходимларнинг меҳнат қилишлари учун қандай тартиблар белгиланган?

М.Тўйчиев, Самарқанд вилояти

Жавоб:

2004 йилда ННТлар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонунига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, Адлия вазирлиги зиммасига халқаро ва чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхона ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда бундай тузилмаларнинг чет эллик ходимлари ва улар қарамоғидаги оила аъзоларини аккредитация қилиш вазифаси юкланди.

“Аккредитация” (лот. “accredo” – ишонч билдириш деган маънони билдиради) тушунчаси қонунчилигимизда кенг тарқалган тушунчалардан бири бўлиб, бугунги кунда аккредитациядан ўтказиш тушунчасини маълум бир касб эгаларининг муайян ҳудуддаги фаолиятига (мисол тариқасида, журналистлар), шунингдек дипломатик ва халқаро ташкилотлар ҳамда тижорат ташкилотларнинг ваколатхоналарига ва бошқаларга нисбатан ҳам ишлатилишини кузатишимиз мумкин.

Таъкидлаш жоизки, маҳаллий ННТларнинг нуфузи ва халқаро миқёсдаги салмоғи ошиб бориши билан бир қаторда хорижлик мутахассисларга бўлган эҳтиёжи ортди. Бу каби ҳолатлар қонун ҳужжатларини такомиллаштиришни тақозо этарди.

Шу муносабати билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ–1602-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ вазирлик зиммасига барча ННТлар, шу жумладан диний ташкилотларнинг чет эллик ходимлари ва улар қарамоғидаги оила аъзоларини аккредитациядан ўтказиш вазифаси юкланди.

Бугунги кунда Адлия вазирлигидан тегишли тартибда аккредитациядан ўтказилган ҳолда АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Голландия, Исроил, Италия, Канада, Корея, Покистон, Польша, Россия, Словения, Франция, Швеция, Швейцария, Ҳиндистон, Қозоғистон ва бошқа давлатларнинг 150 нафардан зиёд чет эллик фуқаролари ННТларда юртимиз аҳолиси соғлиғини сақлаш, таълим, ижтимоий-иқтисодий муҳофаза этиш, сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш ва шу каби бошқа соҳаларда ўз меҳнат фаолиятларини олиб бормоқдалар.


Савол: ННТларнинг чет эллик ходимлари ва уларнинг қарамоғидаги шахсларнинг Адлия вазирлигида аккредитациядан ўтказиш тартиби ҳақида батафсил тўхталиб ўтсангиз.

У.Алиев, Андижон вилояти

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарори билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда юқоридаги шахсларни Адлия вазирлигидан аккредитациядан ўтказиш тартиби белгиланган.

Мазкур низомда аккредитациядан ўтиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар, тўлов миқдори, аризаларни тақдим этиш ҳамда кўриб чиқиш муддатлари, аккредитация карточкаси олган шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари каби масалалар қайд қилинган.

Ушбу Низомга асосан аккредитация карточкаси 1 йил муддатгача берилади. Меҳнат фаолиятини давом эттириш учун аввалги тартибда яна ариза беришлари мумкин. Аҳамиятлиси шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элдаги ҳамда хорижий фуқароларнинг республикадаги меҳнат фаолияти тўғрисидаги 1995 йил 19 октябрдаги қарорига мувофиқ ННТларнинг аккредитациядан ўтган чет эллик ходимлари Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигидан рухсатнома олмай меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар.


Савол: Аккредитациядан ўтган шахсларнинг Ўзбекистонда бўлиш тартиби қандай?

И.Содиқов, Хоразм вилояти

Жавоб:

ННТларнинг чет эллик ходимлари ва улар қарамоғидаги оила аъзолари Ўзбекистон ҳудудида бўлиш учун мавжуд тартиб-қоидаларга, хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари, кетишлари, бу ерда бўлишлари ва транзит ўтишлари тартиби тўғрисидаги 1996 йил 21 ноябрдаги қарори талаблариги қатъиян риоя этишлари талаб этилади.

Ушбу қарор билан тасдиқланган Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишлари қоидаларига асосан қабул қилувчи ташкилотлар хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва мазкур қоидаларда назарда тутилган уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ўз вақтида тушунтириб қўйишни, хорижий фуқаролар билан муносабатларда белгилаб қўйилган ҳуқуқий нормаларнинг аниқ бажарилишини таъминлайдилар. Хорижий фуқароларнинг тегишли ҳисобини юритадилар, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли ички ишлар бўлимларида ўз вақтида рўйхатдан ўтказилишини таъминлаш учун, уларнинг республика ҳудудида юришлари ва уларга белгиланган бўлиш муддатлари тугаши билан Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетишлари учун жавобгар бўладилар.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими Гулчехра Фозилова жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш