Турмуш ўртоғим билан Россия Федерациясида танишиб, шаръий никоҳдан ўтиб бирга яшаяпмиз.

Савол: Ёшим 18 да, ҳозир мен ҳомиладорман. Никоҳимни қонуний расмийлаштириш учун ФҲДЁ бўлимига қандай ҳужжатлар билан мурожаат қилишим керак?

Г.Насретдинова, Бухоро шаҳри

Жавоб: 

Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас, шу сабабли сиз қонуний никоҳдан ўтиш учун ариза билан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи (ФҲДЁ)га мурожаат қилишингиз лозим. Ҳомиладорлигингиз ҳақидаги тиббий маълумотномани аризангизга илова қилсангиз, никоҳингиз ариза берган кунингизда тузилиши мумкин. Фақат Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 17-моддасига кўра, сизлар яъни никоҳланувчи шахслар 
давлат соғлиқни сақлаш тизими муассаларида тиббий кўрикдан ўтишларингиз лозим бўлади.

Савол: Қандай ҳолатларда никоҳ тузилишига йўл қўйилмайди?

О.Атоева, Ғиждувон тумани

Жавоб: 

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасига асосан никоҳ тузишга: лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;

насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида;

туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингилар ўртасида;

шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида ҳамда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.

Саволларга Бухоро вилоят ФҲДЁ архиви  мудираси Д.Нарзуллаева жавоб берди 


Рўйҳатга қайтиш