Мен яқин бир танишимга қарзга пул бермоқчиман. Шартномани нотариал идора орқали расмийлаштириш шартми ёки тилхат олишнинг ўзи кифоя қиладими?

Г.Назарова, Жондор тумани

Жавоб: Жисмоний шахслар ўртасидаги қарз шартномасини, агар унинг суммаси энг кам иш ҳақи миқдорининг 10 бараваридан ошса, оддий ёзма шаклда тузса ҳам бўлади. Қарз олувчининг унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки ашёларнинг муайян миқдори топширилганлигини (берганлигини) тасдиқлайдиган тилхати бўлганда ҳам ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Шу сабабли агар сиз энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан кам суммани карзга бермоқчи бўлсангиз, битимни нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди. Бунда ёзма қарз шартномаси ёки қарз олувчининг тилхати кифоя.

Қарз шартномасини тузиш чоғида қонун гувоҳларнинг бўлишини талаб этмайди.

Агар сиз энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан кўп бўлган суммани қарзга бермоқчи бўлсангиз, у ҳолда ушбу битимни нотариал идорада тасдиқлашга харакат қилинг. Нотариус нотариал харакатларни содир этиш учун мурожаат қилувчининг шахсини аниқлаш, юзма-юз суҳбат вақтида фуқароларнинг ҳуқуқий лаёқатини аниқлаши ҳамда тарафларнинг ҳақиқий ниятларини белгилаши нотариал тасдиқлашнинг ижобий томонларидандир.

Савол: Қарз шартномасини ёзма шаклда тузиб имзоладик, лекин шартномада кўрсатилган пулдан кам миқдорда қарз олдган эим. Ушбу пул суммасини олишда иштирок этган гувоҳларим ҳам бор. Лекин қарз берувчи қарз шартномасида кўрсатилган пул суммасини қайтариб беришимни талаб қилаяпти. Мен ҳақиқатда кам пул олганлигимни қандай исботлай?

Ж.Болтаев, Қоракўл тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 737-моддасига асосан Сиз қарз берувчидан амалда шартномада кўрсатилганидан кам миқдорда пул олганлигингизни исботлаш юзасидан даъволашишга ҳақлисиз. Бунинг учун тегишли фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожат қилишингиз лозим.

Ёзма шаклда тузилиши лозим бўлган қарз шартномаси юзасидан гувоҳларнинг кўрсатмалари ёрдамида даъволашиш мумкин эмас, шартнома алдаш, зўрлик ишлатиш, таҳдид қилиш, қарз олувчининг вакили қарз берувчи билан ёмон ниятда келишиши ёки қийин вазиятлар таъсирида тузилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар қарз олувчи қарз шартномаси юзасидан даъволашуви жараёнида қарз берувчидан пул ёки бошқа ашёларни шартномада кўрсатилганидан амалда кам миқдорда олганлиги аниқланса, бундай холатда шартнома ана шу миқдордаги пул ёки ашёларга тузилган ҳисобланади.

Саволларга Бухоро вилоят Жондор туман 2-сон  ДНИ нотариуси М.Ачилов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш