Жамиятни ташкил этиш тартиби ва тамойиллари

Жамият тушунчасига шарҳ беринг?

А.Закиров, Тошкент шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 58-моддасига асосан улушларга (қўшилган ҳиссаларга) ёки муассисларнинг (иштирокчиларнинг) акцияларига бўлинган устав фонди (устав капитали)га эга бўлган тижоратчи ташкилотлар хўжалик ширкатлари ва жамиятлари ҳисобланади. Муассислар (иштирокчилар) қўшган ҳиссалар ёки улар сотиб олган акциялар ҳисобига вужудга келтирилган, шунингдек хўжалик ширкати ёки жамияти ўз фаолияти жараёнида ишлаб чиқарган ва сотиб олган мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида унга тегишлидир.

Савол: Жамиятнинг қандай турлари мавжуд?

Т.Саидов, Сирдарё тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига асосан жамият турлари қуйидагилардан иборат:
- Масъулияти чекланган жамият–масъулияти чекланган жамият деб бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган миқдорлардаги улушларга бўлинган жамият тан олинади. Масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.
Жамиятнинг ўз ҳиссасини тўла қўшмаган иштирокчилари жамият мажбуриятлари бўйича ҳар бир иштирокчи ҳиссасининг тўланмаган қисмининг қиймати доирасида солидар жавобгар бўладилар. Масъулияти чекланган жамиятнинг фирма номи жамиятнинг номини, шунингдек “масъулияти чекланган” деган сўзларни ўз ичига олиши керак.

Масъулияти чекланган жамиятнинг ҳуқуқий мавқеи, унинг иштирокчиларининг ҳуқуқ ва бурчлари ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунлар билан белгиланади.

- Қўшимча масъулиятли жамият–қўшимча масъулиятли жамият деб бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди таъсис ҳужжатларида белгиланган миқдорлардаги улушларга бўлинган жамият қўшимча масъулиятли жамият ҳисобланади. Бундай жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича ўз мол-мулклари билан қўшган ҳиссалари қийматига нисбатан ҳамма учун бир хил бўлган, жамиятнинг таъсис ҳужжатларида белгиланадиган каррали миқдорда солидар тарзда субсидиар жавобгар бўладилар. Иштирокчилардан бири ночор (банкрот) бўлиб қолганида унинг жамият мажбуриятлари бўйича жавобгарлиги, агар жамиятнинг таъсис ҳужжатларида жавобгарликни тақсимлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, бошқа иштирокчилар ўртасида уларнинг қўшган ҳиссаларига мутаносиб равишда тақсимланади.

Қўшимча масъулиятли жамиятнинг фирма номи жамиятнинг номини, шунингдек “қўшимча масъулиятли” деган сўзларни ўз ичига олиши керак.

- Акциядорлик жамиятиакциядорлик жамияти устав фонди муайян акциялар сонига бўлинган жамият акциядорлик жамияти ҳисобланади; акциядорлик жамиятининг иштирокчилари (акциядорлар) унинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарар учун ўзларига қарашли акциялар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.

Акциялар ҳақини батамом тўламаган акциядорлар акциядорлик жамиятининг мажбуриятлари бўйича ўзларига қарашли акциялар қийматининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўладилар.

Акциядорлик жамиятининг фирма номида жамиятнинг номи ҳамда бу жамият акциядорлик жамияти эканлиги ўз ифодасини топиши керак.

- Шўъба хўжалик жамиятишўъба хўжалик жамияти агар бир (асосий) хўжалик жамияти ёки ширкати иккинчи хўжалик жамиятининг устав фондида ундан устунлик мавқеига эга бўлган ҳолда иштирок этиши туфайли ёхуд улар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ё бўлмаса бошқача тарзда иккинчи хўжалик жамияти томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бериш имконига эга бўлса, ушбу иккинчи хўжалик жамияти шўъба хўжалик жамияти ҳисобланади.

Шўъба хўжалик жамияти юридик шахс ҳисобланади.

Шўъба хўжалик жамияти ўзининг асосий жамияти (ширкати)нинг қарзлари бўйича жавоб бермайди.

Асосий жамият (ширкат) айби билан шўъба хўжалик жамияти ночор (банкрот) бўлиб қолган тақдирда, асосий жамият (ширкат) унинг қарзлари бўйича субсидиар жавобгар бўлади.

Шўъба хўжалик жамияти иштирокчилари (акциядорлари) асосий жамиятдан (ширкатдан) унинг айби билан шўъба жамиятга етказилган зарарни тўлашни, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, талаб қилишга ҳақли.

Қарам хўжалик жамияти–қарам хўжалик жамияти Хўжалик жамиятида иштирок этувчи бошқа жамият хўжалик жамиятига қарашли овоз берадиган акцияларнинг (улушнинг) йигирма фоизидан кўпроғига эга бўлса, бундай хўжалик жамияти қарам жамият деб ҳисобланади.

Қарам хўжалик жамияти юридик шахс ҳисобланади.

Хўжалик жамиятида иштирок этувчи бошқа жамият қарам жамият устав фондининг тегишли қисмини қўлга киритиб олганлиги ҳақидаги маълумотларни қонунда назарда тутилган тартибда дарҳол эълон қилиши шарт.

Хўжалик жамиятлари бир-бирларининг устав фондларида ўзаро қатнашишининг чегараси ва бундай жамиятлардан бири бошқа жамият иштирокчилари ёки акциядорларининг умумий йиғилишида фойдаланиши мумкин бўлган овозлар сони қонунда белгилаб қўйилади.

Саволларга Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Бахтиёр Махсадов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш