“Васиятнома” деганда нима тушунилади ва уни ёзиб қолдиришим учун қаерга мурожаат қилишим лозим?

М.Ҳайдарова, Бухоро шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1120-моддасига асосан фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкини (уй-жой, автомототранспорт, бино иншоот ва бошқалар) ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда уни тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси “васият” деб эътироф этилади.

Васиятномани ёзиб қолдириш учун Сизга хоҳлаган нотариал идорага шахсан мурожаат қилишингиз лозим, чунки васиятнома шахсан тузилади. Васиятномани вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.

Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати, яъни паспорти, ҳарбий хизматчилар учун эса ҳарбий гувоҳномаси талаб қилинади. Васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.

Савол: Қандай васиятномалар нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилади?

И.КасимоваБухоро шаҳри,

Жавоб:Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1126-моддасига кўра қуйидаги васиятномалар нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилади:

касалхоналар, госпиталлар, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки қариялар ва ногиронлар уйларида яшаб турган фуқароларнинг ана шу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош врачлари, уларнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи врачлари, шунингдек госпиталларнинг бошлиқлари, қариялар ва ногиронлар уйларининг директорлари ёки бош врачлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

ҳарбий хизматчиларнинг, нотариуслар бўлмаган ерларда жойлашган ҳарбий қисмларда эса, бу қисмларда ишлаётган ҳарбий бўлмаган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳам ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

озодликдан маҳрум этиш жойларида ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

Савол: Васиятномамни бекор қилишим ва ўзгартиришим мумкинми?

Т.ВахобовБухоро шаҳри

Жавоб: Ҳа албатта, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1127-моддасига кўра васият қилувчи исталган вақтда ўз васиятномасини тўлалигича ёки қисман бекор қилишга ёхуд унда мавжуд бўлган айрим васият фармойишларини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли.

Янги васиятнома тузиш орқали олдин тузилган васиятнома тўлалигича ёки унинг кейинги васиятномага зид бўлган қисми бекор қилинади.

Саволларга Бухоро шаҳар 1-сон ДНИ катта  нотариуси Д.Бозорова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш